АСОСИЙ МАҚСАД – АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЖАЛБ ЭТИШ

2_bank_1

Президентимиз раҳнамолигида банк тизимини ислоҳ этиш ва эркинлаштиришга қаратилаётган эътибор иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Айни шу жиҳатларни пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” марказида бўлиб ўтган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankEXPO – 2017” Х миллий кўргазмасида ҳам яққол кўриш мумкин бўлди.
“Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида ўтказилган бу йилги кўргазмада мамлакатимиздаги етакчи молия муассасаларидан бири – “Aсaкa” акциядoрлик тижoрaт бaнки ҳам фаол иштирок этди.
Мазкур банк юртимиз иқтисодиётининг барча тармоқлари иштирокчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга интилган ҳолда ўз олдига мулкчилик шакли ва фаолият кўламидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, аҳолига кенг доирадаги банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Эътиборлиси шундаки, банк ходимлари ҳар бир мижознинг индивидуал талабидан келиб чиққан ҳолда асосий эътиборни кўрсатилаётган хизматларнинг сифатига қаратмоқда.
“Aсaкa” банк ўз таркибий тузилмалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва мамлакатимиз молия бозоридаги иштирокини кенгайтириш бўйича фаол ишларни мунтазам равишда олиб бормоқда. Ҳозирги кунда банкнинг республикамиз барча ҳудудини қaмрaб oлган кенг тaрмoқ бўлинмаси – 26 та филиaли, 83 та минибaнки, 246 та чакана банк хизматлари кўрсатувчи шохобчаси мавжуд. Банк мижозлари сони эса салкам икки миллионга етди.
Ҳозирда “Асака” банк жаҳоннинг 350 дан зиёд етакчи банклари билан вакиллик муносабатларига эга. Энг йирик хорижий банклардаги вакиллик ҳисобварақлари тармоғи орқали банк жаҳоннинг асосий молиявий марказларида иштирок этиб келмоқда.
Бугунги кунда жаҳоннинг ривожланган давлатларида банкларнинг рейтинг кўрсаткичлари даражаси пасаяётган бир пайтда халқаро рейтинг агентликлари томонидан Ўзбекистон банк тизими ва тижорат банкларига юқори рейтинг баҳоларининг берилиши мамлакатимизда банк тизимига қаратилаётган юксак эътибор ва ишончнинг маҳсули бўлиб, бунинг натижасида банк тизимининг янада барқарор ривожланишига эришилмоқда.
Бунга биргина “Aсaкa” банк фаолиятига халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган юқори рейтинг баҳолари ёрқин мисолдир. Жумладан, “Moody’s” ва “Fitch Ratings” сингари жаҳоннинг етакчи ва нуфузли халқаро рейтинг агентликлари банк фаолиятини бир неча йиллардан бери юқори рейтинг баҳоси билан эътироф этмоқда. “Асака” банк фаолияти “Барқарор” деб тан олинмоқда.
Шу билан бирга, жаҳоннинг нуфузли нашрлари – “Euromoney”, “Global Finance” ва “The Banker” томонидан “Асака” банк бир неча маротаба “Ўзбекис­тонда йилнинг энг яхши банки” деб тан олинди.
Ўтган йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг 200 та йирик банклари рейтингида “Асака” банк ўз позициясини илдам равишда бир неча поғонага яхшилади ва 86-ўриндан 65-ўринга кўтарилди.
Буларнинг барчаси банк тизимида олиб борилаётган ишларнинг тўғри йўлга қўйилганлигидан, банк фаолиятини барқарор ривожланаётганлигидан ҳамда республикамизда ва халқаро майдонда банк нуфузининг ошиб бораётганлигидан далолат беради.
“Асака” банк томонидан инвестицион жозибадорликни ошириш, юқори ликвидлилик ва барқарорликни, асосий кўрсаткичларнинг илдам ўсишини таъминлаш ва уларни жаҳон стандартлари талаблари даражасига етказиш орқали рақобатбардош, ички бозор ва экспортга мос маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва хизматлар кўрсатувчи мижозларга ҳамда хорижий ҳамкорларга сифатли банк хизматларини кўрсатиш йўлида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида 2017 йил 1 апрель ҳолатига кўра, “Асака” банкнинг мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларига йўналтирилган банк кредит қўйил­малари ҳажми 6 триллион 221,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Кредит қўйилмаларининг 5 триллион  897,3 миллиард сўм миқдоридаги қисми узоқ муддатли кредитлар, шундан 5 триллион 82,2 миллиард сўм миқдоридаги қисми инвестиция кредитларидир.
“Асака” банк ташкил этилганидан бошлаб асосий эътиборни республикамиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратиб келмоқда. Жумладан, Банк томонидан автомобилсозлик, тоғ-кон, нефт-газ, кимё, энергетика, енгил, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, транспорт, қурилиш ва бошқа тармоқларнинг инвестиция лойи­ҳалари фаол молиялаштириб келинмоқда.
Банк томонидан ўтган йилда Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 28 июлдаги “Тижорат банкларининг инвестиция лойи­ҳаларини молиялаштиришга йўналтириладиган узоқ муддатли кредитлари улушини кўпайтиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 380,7 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, жорий йил биринчи чорагида бу кўрсаткич 600 миллиард сўмни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга ажратилган кредитлар ҳажми 218,8 миллиард сўмни ташкил қилди.
Ажратилган кредит маблағлари юқори технологияларни талаб этадиган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этишга, ахборот-коммуникация тизими, биотехнология ва бошқа илғор илм-фан ютуқларига асос­ланган лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Шунингдек, “Aсaкa” бaнк томонидан вилоятларда уй-жой қурилиши лойиҳаларини молия­лаштириш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Ушбу мақсадларга банк томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида 283 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Жорий йилда “Асака” банк томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга 1,66 триллион сўм миқдорида кредит ажратилиши режалаштирилган.
Мазкур молия муассасаси томонидан лизинг хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 41 миллиард сўм миқдоридаги 14 та лизинг лойи­ҳаси молиялаштирилди ва 2017 йил 1 апрель ҳолатига кўра, банк лизинг портфели ҳажми 154,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Банк лизинг портфели иқтисодиётнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа, транспорт ва алоқа, қурилиш, ижтимоий соҳа ва бошқа тармоқлар ўртасида диверсификациялаштирилган.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ўсиши ва мустаҳкамланиши омилларидан бири – бу иқтисодий ночор ва банкрот деб эълон қилинган корхоналар фао­лиятини жонлантириш, уларга молиявий кўмак бериш ва шу орқали ушбу корхоналарда ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборатдир. Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу соҳада асосий дастуруламал бўлмоқда. “Асака” банк томонидан бу соҳада муҳим ютуқларга эришилди. Жумладан, банк балансига қабул қилинган банкрот корхоналарнинг 49 таси янги инвесторларга сотилди. Банкрот корхоналар негизида банкнинг 14 та шўъба корхонаси ташкил қилинди. Ташкил этилган корхоналарга 80,7 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди. Натижада 4288 та янги иш ўрни яратилди. Ишлаб чиқариш фаолияти тикланган банкрот корхоналарда жами 886,6 миллиард сўм миқдорида маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 80,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Айни шу жиҳатлар бўлиб ўтган кўргазмада ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин эгаллашида тижорат банкларининг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларда “Асака” банкнинг ҳам ҳиссаси ошиб бормоқда.
Банк томонидан 2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 триллион 520 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чораги давомида 417,9 мил­лиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Хусусан, аёллар тадбиркорлигини ташкил этиш ва ривожлантиришга 43,7 миллиард сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 65,9 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун қарийб 3,8 миллиард сўм, таълим муассасалари битирувчиларига тадбиркорлик фаолия­тини йўлга қўйишлари учун 2,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Тадбиркорларга 32,9 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар берилди.
Бу эса республикамизнинг барча ҳудудларида, айниқса, меҳнат ресурслари зич жойлашган ҳудудларда хизмат кўрсатиш муассасалари ташкил этиш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириб, республикамиз аҳолисини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашни яхшилашга, аёллар тадбиркорлиги, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳамда янги иш ўринлари яратишга имконият яратди.
Шунингдек, банк томонидан қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалик корхоналарига молиявий кўмак бериш орқали агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказиш, республикамизда узумчиликни ривожлантириш мақсадларига қарийб 28,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида нафақат мамлакатимиз, балки дунё тажрибасида нодир бўлган амалиёт – тижорат банклари ходимларининг юртдошларимиз хонадонларига келиб, уларни тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан бевосита мулоқотлар ўтказиши йўлга қўйил­ди. Учрашувлар мобайнида юртдошларимизга чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, мева-саб­завот етиштириш, иссиқхоналар ташкил қилиш сингари йўналишларда кредит ажратиш тизими соддалаштирилгани, имтиёзлар жорий этилгани маълум қилинди. Банк ходимлари томонидан ушбу фао­лият турларининг намунавий бизнес-режалари тақдим этилди.
Президентимизнинг аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасида белгиланган долзарб вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Асaкa” бaнк томонидан фуқaрoлaрнинг тaдбиркoрлик билaн шуғуллaнишлaригa кенг имкoниятлaр ярaтиш учун тaдбиркoрлaргa мoлиявий кўмaк вa мaдaд беришнинг янги усуллaри жoрий этилди. Бaнкнинг мaлaкaли мутахассислари aҳoлини тaдбиркoрликкa, ишбилaрмoнликкa ўргaтиш вa шунгa етaклaш мaқсaдидa улaрнинг бaнк xизмaтлaри вa кредит мaблaғлaригa бўлгaн эҳтиёжини ўргaниб чиқмоқда.Аҳoли xoнaдoнлaригa тaшриф буюриб, улaр билaн ўткaзaётгaн мулoқoтлaрдa тaдбиркoрлик фaoлиятини aмaлгa oшириш учун aжрaтилaётгaн кредитлaр, улaрнинг шaртлaри, кредит ҳужжaтлaри вa гaрoв тaъминoти тўғрисидa бaтaфсил тушунтириш­лaр бермoқдaлaр. Ўз нaвбaтидa, тaдбиркoрлик фaoлиятини aмaлгa oшириш истaгини билдиргaн фуқaрoлaргa нaмунaвий лoйиҳaлaр тaклиф этилиб, улaргa кредит ҳужжaтлaрини тaйёрлaш бўйичa тегиш­ли мaслaҳaтлaр берилмoқдa вa қисқa муддaтлaрдa кредит мaблaғлaри aжрaтиш чoрaлaри кўрилмoқдa.
Ҳозирги кунда “Асaкa” бaнк тoмoнидaн aҳoлигa 25 йўнaлишдаги лойиҳаларни молия­лаштириш бўйича имтиёзли шартларда кредитлар тaклиф этилмoқдa. Банк мутахассислари республикамиз вилоятлари ва туманлари қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 271 мингдан зиёд хонадонга ташриф буюриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тушунтириш ва тавсиялар бердилар, 292 мингдан зиёд хонадонга тадбиркорликка даъват этувчи  мурожаатлар юборилди. Бу тадбирлар натижасида 31904 нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирди. 15028 нафар фуқарога 121,6 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.
“Асaкa” бaнк тoмoнидaн жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривож­лантиришга 1,9 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилган.
“BankEXPO – 2017” Х миллий кўргазмаси давомида тижорат банклари томонидан чекка ва аҳоли зич жойлашган туманларда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш микрофирмалари, деҳқон-фермерлар, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари аниқланди. Уларга имтиёзли кредит ажратиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Ушбу тадбирда менинг лойи­ҳам “Қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулот етиштириш бўйича энг намунали бизнес лойиҳа” деб топилди, – дейди Тошкент шаҳрилик тадбиркор Ш.Абдураҳмонов. – Менга қўзиқорин маҳсулотлари етиштириш мақсадида асбоб-ускуна сотиб олиш учун сармоя бериладиган бўлди. Энг асосийси, пойтахтда туриб, қиш­лоқ хўжалиги маҳсулоти – қўзиқорин етиштирмоқчиман. Биласизми, бу давлатимиз томонидан тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси. Биз тадбиркорликнинг барча тармоғида ўзимизни кўрсатишимиз мумкин. Берилаётган имкониятлардан эса самарали фойдаланишимиз даркор.
– Менинг лойиҳам “Коллеж битирувчисининг энг намунали бизнес лойиҳаси” дея эътироф этилди, – дейди Гулистон туманилик Зарнигор Мелибоева. –  Сертификат менга катта имконият яратади. Яъни 3 йил муддатга имтиёзли кредитга тикув дастгоҳлари олиб келиб, корхонамизга ўрнатамиз.  Банкнинг кенг турдаги хизматлари ва кредит олиш бўйича таклифлари менга жуда маъқул бўлди. Президентимиз томонидан оддий аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ташаббуси биз, тадбиркорларни янада тўлқинлантириб юборди. Бундай рағбат биздан янада масъулият билан ишлашни талаб этади.
“BankEXPO – 2017” Х миллий кўргазмасида фаол иштирок этган “Асака” банк фаолияти билан танишиш хулосаси шундай бўлдики, ушбу молия муассасаси аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилаётган банк хизматлари турларини кенгайтириш, сифатини яхшилаш ва банк амалиётлари тезкорлигини янада ошириш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, тараққиётни жадаллаштиришга муносиб улуш бўлиб қўшилаётир.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.
Хизматлар лицензияланган.