Хазина калити ўз қўлимизда

5_parranda

Сўнгги йилларда республикамизда паррандачиликни  ривожлантириш,  ишлаб  чиқаришга  интенсив  технологияларни  кенг  жорий  этиш  борасида  олиб  борилаётган  тизимли  ишлар  натижасида  паррандалар  сони, тухум  ва  парранда  гўшти  ишлаб  чиқариш  ҳажми  сезиларли  даражада  ортиб,  ички  истеъмол  бозорларида   маҳсулотлар  нархининг  барқарорлиги  таъминланди.

Соҳани  ривожлантириш  бўйича  қабул  қилинган  дастурлар  ижросини  таъминлаш  ҳисобига  паррандалар  сони  65,8  миллионтага, тухум  ишлаб  чиқариш  6,1  миллиард  донага  етди.
Паррандачилик  корхоналари  томонидан  2016   йили  1  миллион  АҚШ  доллари  миқдорида  парранда  тухуми  экспорт  қилиниши туфайли четдан  келтирилаётган  парранда  гўшти  ва  наслли  тухум  миқдорини  2  баробарга  камайтириш имконини берди.
Президентимизнинг  Қашқадарё, Хоразм  ва  Бухоро   вилоятларига  ташрифи  чоғида  барча  соҳалар  қатори   паррандачиликни  ривожлантириш  борасида   берган  маслаҳат  ва  кўрсатмаларига  асосан  уюшмамиз  тезкорликда  зарур  чора-тадбирлар  белгилаб,  паррандачиликни  ривожлантириш  ҳисобига  аҳолининг  парранда  гўштига  бўлган  талабини  янада  тўлароқ  қондиришга  киришди. Хусусан,  намунавий  лойиҳалар  асосида  Қашқадарё  вилоятининг  Қамаши  туманида    наслчилик  куркачилик  хўжалиги, Жиззах  вилоятининг  Фориш  туманида  йиллик  қуввати  400  минг  тухум  ва  гўшт  йўналишидаги  бир  кунлик  жўжаларни  етказиб  беришга  мўлжалланган  инкубатор  ташкил  этилиши режалаштирилмоқда.
Аҳоли  бандлигини  таъминлаш  ва  қўшимча  даромадини  ошириш  мақсадида  214  мингдан  ортиқ  хонадонларда  парранда  боқишга  киришилди. Масалан, Қамаши  туманида  10  минг  хонадонда  50  тадан  жами  500  мингта,  Қораўзак  ва  Чимбой, Қуйичирчиқ, Бекобод, Тахтакўпир, Шовот, Янгибозор  туманларида  400  тадан  хонадонга  100  тадан  курка  боқадиган  оилавий  корхоналар  ва  деҳқон  хўжаликлари  ташкил  этилиши кутилмоқда. Бунинг учун “Маҳалла”  хайрия  жамоат  фонди,    вилоятлар  ва   туманлар  ҳокимликлари  билан  ҳамкорлик  қиляпмиз. Республикамизнинг  етакчи  банклари  томонидан кредитлар ажратилмоқда.
Аҳоли  хонадонларида  парваришланаётган паррандаларга озуқа етказиб бериш ҳам уюшма эътиборида. Бунинг учун  пухта  замин  ҳозирланяпти.  “Ўздонмаҳсулот”  компанияси  тизимидаги  корхоналарда  паррандалар  учун  барча  талаб­ларга  жавоб  берадиган  омихта  ем  ва  ем   аралашмаси, “Технолог”   корхонаси  ва  “Ўзэлтехсаноат”  компаниясида  озуқа  майдалагич  ва  аралаштиргич,  қафаслар, вентиляторлар, Тошкент  агрегат  заводида  сув  билан  таъминлаш  ускуналари  ишлаб  чиқариш  йўлга қўйилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда  паррандачиликни  ривож­лантириш,  паррандалар  маҳсулдорлигини  ошириш  ва  маҳсулот  ишлаб  чиқариш  ҳажмини  кўпайтириш ички  истеъмол  бозорини  арзон  ва  сифатли  маҳсулотлар  билан   узлуксиз  таъминлаш, келгусида  экспорт  салоҳиятини  кенгайтиришда  асосий  омил  бўлади.

Пўлат  РАҲМАТУЛЛАЕВ,
“Паррандасаноат”  уюшмаси  раиси  ўринбосари.