Ҳамалнинг ҳар дами амал

galla

Сирдарё вилояти

5  минг гектардан  ошиқ  майдондаги экинга  маҳаллий  ўғит берилиб, бир  марта сувдан  чиқарилди. Асосий  майдонларда жойлаштирилган “Аср”, “Андижон-4”, “Ното”, “Чиллаки”, “Таня”, “Краснодар”, “Гром”, “Ясовул”,  “Матонат”, “Бобур”, “Дўстлик”, “Паҳлавон” каби юқори ҳосилли, шўрхок ерларга мос ва  касалликларга чидамли навлар мутахассислар тавсиялари, агротехника талаблари бўйича парвариш­ланмоқда. Ўғит ва зангга қарши дори воситаларининг  дала бошигача тизимли равишда етказиб  берилаётганлиги иш суръати­ни ошираётир.
– Ғалла  ривожини янада тезлаштириш, мўл ҳосилга мустаҳкам  замин  яратиш мақсадида айни вақтда майсаларни суспензия билан озиқлантириш ва касалликларни бартараф этишни тезкорлик  билан  бошлаб юбордик,  – дейди  тумандаги “Шоликор”  фермер  хўжалиги раҳбари Комилжон  Мирзаев. – Негаки, ғалла баргидан  озиқлантирилганида озуқа экин илдизи ва  танасига тез етиб боради, унинг ривожи, ҳосил  тўплашини янада  кучайтиради. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида  ҳудудимиздаги олди ривождаги   майсалар тўлиқ найчалаб, бошоққа эняпти. Ғаллани “шарбат”  билан озиқлантиришни камида икки  марта амалга ошириш  ниятида дала бошига гектарига 4-5  тоннадан қўшимча маҳаллий ўғит тўп­лаб  қўйдик. Қиш  ва баҳор ойларида берилган “шарбат” ғалла илдизининг мус­таҳкам томир отиши, майсаларнинг  бақувват  бўлиб ўсишини  тезлаштиради. Энг  асосийси, маҳаллий  ўғит ҳисобига ҳосилдорлик 10-15  центнерга ошади. Қолаверса, гўнг билан  тўлиқ икки-уч  марта озиқлантирилган  экин соғлом  ўсиши ҳисобига ўзига касалликни  ҳам юқтирмайди.
Тумандаги  қатор фермер  хўжаликларида бир  текис  туплаб,  баравж ўсаётган ғалла майсаларини минерал ўғитлар билан озиқлантириш барвақт тугалланди. Эндиликда зангга қарши фунгицид билан ишлов бериш, майсаларни суспензия билан  озиқлантириш тадбирлари юқори агротехник талаблар  даражасида амалга  оширилмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.