АГРАР СОҲАДА ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – УСТУВОР ВАЗИФА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни арафасида бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашганида, улар олдига юксак вазифаларни қўйган эди. Шундан келиб чиқиб, прокуратура органлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қонунийликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Истиқлол йилларида қиш­лоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун ер ҳақиқий эгаси, тажрибали деҳқон қўлида. Фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг ҳуқуқлари, фаолияти қонун билан ҳимоялаб қўйилган. Шу боис, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўрсаткичи йил сайин сон ва сифат жиҳатдан яхшиланиб боряпти. Бироқ айрим ер эгалари, бу соҳадаги масъул айрим мутасаддилар орасида қонунни унутиб қўяётганларнинг борлиги ачинарлидир.
Наманган вилояти прокуратураси томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор пахта ва ғалла экиладиган майдонлар мониторингини мунтазам ўтказиб бориш, ер ажратишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш, гидротехника, мелиорация иншоотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлатишда хўжасизлик, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг талон-тарож қилинишининг олдини олиш, фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилмоқда.
Ернинг бир қаричи ҳам ер. Ернинг қадрига етган инсон ундан унумли фойдаланишга интилади. Аммо барча мутасадди ва фермерлар ҳам буни яхши англамоқда, деб бўлмайди. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида вилоят бўйича 1107,5 гектар экин майдонларидан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланилаётгани, 1182,5 гектар ер майдони ноқонуний ажратилгани аниқланди. Бу ерларнинг 996,8 гектари захира фондига қайтарилди ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.
Мисол учун, Тўрақўрғон туманидаги “Исмоилов Султонмурод” фермер хўжалиги раҳбари Б.Исмоилов 2016 йил ҳосили учун чигит экилиши режалаштирилган 12,5 гектар майдонга шоли экиб, натижада  давлатга 34,2 тонна, яъни 40 миллион сўмлик пахта хомашёсини етказиб бериш имкониятини йўқотган. Фермер нафақат давлат манфаатларига жиддий зиён етказган, балки “Агробанк”нинг Мингбулоқ тумани филиали томонидан ажратилган 12,6 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини қонунга зид тарзда ўзлаштирган.
Уйчи туманидаги “Н.Абдуллаев” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудининг собиқ ер тузувчиси А.Тўхтабоев ва “Илм маскани” фермер хўжалиги раҳбари А.Ҳамидовлар ўзаро жиноий тил бириктириб, фермер хўжалигига қарашли 1,02 гектар экин майдонини 16 нафар фуқарога сотиб юборишган. Албатта, текинга эмас, жиноий шериклар ер эвазига фуқаролардан 20 миллион сўм ва 67000 АҚШ доллари олишган. Фуқароларни ерга доир ҳужжатларни ким ошди савдоси орқали расмийлаштириб берамиз, дея ишонтирганлар ва бундай жиноий қилмишларини собиқ А.Мўминов номли жамоа хўжалигининг 1998 йил 19 декабрдаги фуқароларга уй-жой учун ер ажратиш ҳақидаги қарорини сохталаштириш орқали яширмоқчи бўлишган.
Албатта, бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилди.
Фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам доимий эътиборда. Прокуратура органлари томонидан фермер хўжалик­ларига 287,2 миллион сўм кредит, 122 миллион сўм иш ҳақи, 45,9 миллион сўм нақд пулларни олишда ҳамда 289,8 миллион сўмлик дебитор қарзларни ундиришда амалий ёрдам кўрсатилди. 52 та фермер хўжалигининг давлат рўйхатидан ўтиши ва банкда ҳисобрақами очиши таъминланди.
Сув ресурслари, гидротехника ва мелиорация иншоотларидан фойдаланишда исрофгарчилик ва хўжасизлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129 миллион сўмлик ирригация-­мелиорация иншоотлари ва шу мақсадда ажратилган бюджет маблағларининг талон-тарож қилинганлиги аниқланиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди.
Пахтани етиштириш деҳқондан қанчалар кўп меҳнат ва машаққат талаб қилса, уни давлат омборларида сақлаш ҳам шунчалар масъ­улиятли иш. Аммо масъ­ул шахс буни унутса ёки маҳсулотларнинг талон-тарож қилинишига йўл қўйса-чи? Шубҳасиз, у қонун олдида жавоб беришга мажбур. “Косонсой пахта толаси” АЖ пахта тайёрлаш маскани товаршуноси Н.Муҳиддинов моддий жавобгар шахс бўла туриб, жамиятга тегишли 44 миллион сўмлик   147,7 тонна пахта хомашёсини растрата йўли билан талон-тарож қилган.
Дарвоқе, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнида минерал ўғитларнинг аҳамияти катта. Аммо ўғитлар фермерга эмас, бошқаларга сотиб юборилса, бу эл ризқига хиёнат қилиш билан баробардир. Мазкур йўналишда прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида вилоятда 235 миллион сўмлик 296,9 тонна минерал ўғитлар талон-тарож қилинганлиги аниқланди ҳамда 9 та жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдорларга жазо муқаррарлиги таъминланди.
Масалан, Чортоқ туманидаги “Наманган кимё савдо” МЧЖга қарашли 1-сонли дўкон мудири К. Умаров 9 турдаги 28 миллион сўмлик минерал ўғитларни нақд пулда сотиб юбориб, бу маблағни дўкон кассасига кирим қилмасдан ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган. Тергов давомида К.Умаров томонидан етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан бўлган жиноят иши ярашув билан тугатилган.
Таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик ҳам қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад йўналишлари сифатида ривожланиб бормоқда. Бу борада қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш ривожланиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Биргина ўтган йилда мазкур тоифадаги хўжаликларда 53,4 минг тонна гўшт, 191,8 минг тонна сут, 201 миллион дона тухум, 92 тонна асал, 954 тонна балиқ ва 820 тонна жун етиштирилгани фикримиз далилидир.
Лекин мазкур йўналиш­ларда ҳам айрим қонунбузилиш ҳолатлари йўқ эмас. Ўтказилган текширишлар натижасига кўра, 100 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Маълумки, республикамизда тўлов интизоми ва иш ҳақи берилиши борасида ҳукумат қарорлари қабул қилинган бўлиб, улар  асосида иш юритиш фаолиятнинг шаффофлигини таъминлайди. Бироқ айрим хўжалик юритувчи субъектлар, корхона ва ташкилотлар томонидан бу борада қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?
Масалан,  “Агробанк”нинг Мингбулоқ тумани филиали мансабдор шахслари 2014-2015 йилларда туман ҳокимининг қарорига асосан ер ижара шартномалари бекор қилинган 12 та фермер хўжалигига 2015 йил пахта ҳосили етиштириш учун 342 миллион сўм имтиёзли кредит маб­лағларини расмийлаштириб, бу маблағларни мазкур хўжаликларнинг аввалги йиллардаги имтиёзли кредитлардан бўлган қарздорликларини қоп­лашга йўналтиришган. Янги ажратилган 315 миллион сўм кредитларни эса филиалнинг мижозлари бўлган бошқа 44 та фермер хўжалигига 2016 йил пахта ҳосили етиштириш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланган.
Бундан ташқари, 2015 йил пахта ҳосили учун ажратилган кредит маблағларидан 2014 йил ажратилган худди шундай кредитларни қоплашга 617 миллион сўм, жами 2 миллиард 27 мил­лион сўм маблағлар йўналтирилиб, оқибатда 1 миллиард 474 миллион сўм кредит маб­лағлари қайтарилмаганлиги аниқланиб, суиистеъмолчиликка йўл қўйган банк мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳар қандай соҳа вакили қонунга суяниб иш тутса, асло хатога йўл қўймайди. Деҳқон, фермер ва соҳада фаолият юритаётган мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамда ходимлари қонунларга итоат этиши уларнинг ҳам, жамиятнинг ҳам ютуғидир.

Баҳодир УМАРОВ,
Наманган вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.