Гултожихўроз энди гулзордан далага чиқади

3_gultoj

Самарқанд вилояти

Ушбу экин маҳсулотларидан иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида фойдаланиш имкониятлари аниқланди

Бугун жаҳон бозорида қимматбаҳо маҳсулот ҳисоб­ланадиган гултожихўроз (амарант) ёғининг шифобахш хусусиятлари кўп. Бу ундаги ноёб моддалар кўплиги билан изоҳланади. Ушбу ёғ инсон организмида онкологик касалликларни келтириб чиқарувчи ўсмалар ривожланишини тўхтатиш, уларнинг олдини олиш хусусиятига эга. Гултожихўрознинг уруғи, барги, ёғи озиқ-овқат, парфюмерия-косметика, фармацевтика ва тиббиётнинг турли соҳалари учун қимматбаҳо хомашё вазифасини ўтайди. Пояси чорва учун тўйимли озуқа бўлиши билан бирга, бошоқли дон экинлари етиштириладиган майдонларда тупроқ унумдорлигини оширувчи азотга бой биоўғит ҳисобланади.
– Гултожихўроз бир йиллик ўсимлик бўлиб, унинг юздан зиёд турлари мавжуд, – дейди  Жомбой туманидаги “Жомбой агрокультура” фермер хўжалиги раҳбари Аслиддин Султонов. – Ватани Жанубий Америка. Кейинчалик дунё бўйлаб кенг тарқалган. Ўзимизда гултожихўроз деб аталадиган бу ўсимлик ҳозиргача дала-ҳовлимизнинг безаги, ободлиги учун экиб келинмоқда. Энди ундан доривор сифатида ҳам, озуқа сифатида ҳам, қолаверса, овқат тарзида ҳам фойдаланиш имкониятлари борлиги аниқланган. Биз бу ноёб ўсимликни кўпайтириш учун давлатимиз ажратган махсус грант лойиҳаси асосида иш бошлаганмиз. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти олимлари билан ҳамкорликда ўтган йили 19 гектар майдонга  “Харьковский-1” навини эккандик. Апрель ойида экилган ўсимлик августнинг учинчи ўн кунлигида пишиб етилди. Маҳсулотдан ўртача 400-600 центнер ҳосил олдик. Зарафшон воҳасининг суғориладиган тупроқлари шароитида доривор амарант ўсимлигини асосий, такрорий ва сидерат ўсимлик сифатида етиштириш бўйича бошланган мазкур иш яна бир мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли. Гап шундаки, ўсимликдан фитомелиоратив мақсадда фойдаланиш мумкин. У тупроқда туз меъёрини яхшилайди. Ердаги нурланишни интенсив равишда ўзлаштириб олади. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, шўрланиш миқдори нисбатан юқори бўлган тупроқда 2-3 йил амарант етиштириш ижобий самара беради. Мелиоратив ҳолати яхшиланган ер майдони ғалла етиштириш учун яроқли ҳолатга келади. Бу йил ҳам шунча майдонда экиш ишларини бошладик. Келгуси режамиз Германия технологияси асосида амарант ёғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Шу орқали ички ва ташқи бозорда юзага келган талабни ўзимизда ишлаб чиқарилган асл, сифатли маҳсулот билан таъминлашдир.
– Украинадан келтирилган ўсимлик уч йил аввал Андижон, Тошкент, Сирдарё вилоятларида яхши самара берганди, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти  ассистенти Бобур Шониёзов. – Ҳозирда Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси тупроқ иқлим шароитига мос келувчи “Харьковский-1” нави айнан Жомбой туманида тажрибадан ўтказилмоқда. Унинг худди шу нави сувсизликка чидамли, шўрланган тупроқда ҳам яхши ҳосил беради. Икки йиллик изланиш натижасида ўсимликнинг қўшимча биологик хусусиятларини аниқладик. Ундаги оқсил миқдори сигир сути, буғдой, соя донидан икки-уч баробарга ортиқ экани исботланди. Ўсимлик ёғидан маргарин, сут маҳсулотлари сифатини оширишда қўллаш мумкин. Нон ва нон маҳсулотлари таркибига қўшилса, фойдалилик хусусияти ошади.
Гултожихўроз уруғи туп­роққа 1-1,5 сантиметр чуқурликда экилади. Агар экилган уруғ тупроқ юзасида қолса, кейинчалик икки метргача ўсувчи танаси шамол ва ёғингарчилик таъсирида эгилиб қолиши мумкин. Шунинг­дек,  белгиланган меъёрдан чуқурроқ экиб ҳам бўлмайди. Чунки ёш майсанинг тупроқ қатламини ёриб чиқиш жараёни қийин кечади. Гектарига ўртача 100-150 минг тупга яқин ўсадиган бўлса, тўрт маротаба суғориб, азотли ва маҳаллий ўғит бериш лозим. Аҳамиятлиси, ўсимликка жиддий зарар келтирувчи ҳашарот ва касаллик тури борлиги кузатилмаган. Яна бир муҳим жиҳати, уни такрорий экин сифатида экиб ҳам юқори ҳосил олиш мумкин. Кеч кузда тўқсонбости усулида экиладиган навлари устида иш олиб боряпмиз. Пишиб етилган ҳосил ўрим комбайни орқали йиғиштириб олинади. Доривор ўсимликни келгуси йилдан республикамизда оммалаштириш кўзда тутилган.
Бугун фармацевтика саноатини жадал ва барқарор ривожлантириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан тўлдиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Бунинг учун маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш ва импорт ўрнини босадиган дори-дармонларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Жомбой туманида ва Самарқанд вилоятининг бошқа жойларида давлат дас­турига киритилган доривор ўсимликларни кўпайтиришга астойдил киришилганлиги соҳани янада тараққий эттиришга қўйилган дадил қадамлардир.

Адҳам ҲАЙИТОВ,
Шерзод ИСОҚУЛОВ.