Қўшқаторда қўша барака бор

Хоразм вилояти
Исломбой кеча ҳайдалган далалар тупроғини, чел ёқаларининг чиройли қилиб қирқилганини ҳамда қовоқ, қовун-тарвуз экишга тайёрланган майдонни кўздан кечириб, шийпон томон қайтар экан, нигоҳи Хонқа тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Ўктамбой Рўзиевга тушди.

– Бу йил ўтган йилги муваффақиятларингизни янада мустаҳкамлайсиз, – деди Ўктамбой Рўзиев. – Президентимиз аҳоли билан мулоқот чоғларида деҳқонлар дилидаги сўзларни айтиб, зарур барча имкониятларни яратмоқда. Иқтисодиётимизни янада мус­таҳкамлаш йўлларини изламоқда. Мана бу қўлланмада фермер хўжалигингиз тўғрисидаги маълумотларни кўриб, вилоятнинг тажрибали фермерлари қаторида келаётганингиздан қувондим. Менимча, бу қўлланмада сизнинг ҳам қўшқатор усулда ғўза етиштиришдаги тажрибаларингиз ҳисобга олинган кўринади.
Исломбой Ҳожиматов фермерлар учун тайёрланган қўлланмани варақлар экан, мутахассисларнинг ўзи раҳбарлик қилаётган “Ораста-Шоҳиста” фермер хўжалиги далаларида бир неча бор бўлганликлари, ер майдонларининг мелиоратив ҳолатидан тортиб, қўшқаторлаб чигит экилган даладаги ниҳоллар парваришигача соатлаб суҳбатлашганларини эслади. Ўзи ҳисоб ходими эмасми, бошқараётган фермер хўжалиги бўйича йил давомида қилинган тежамкорлик, даромаднинг юқори бўлишидаги фикрлари ҳисобга олинганидан севинди.
Маълумки, ғўзанинг янги, истиқболли навлари, турли кўчат қалинликлари, уларни экиш, сув ва озуқа талаблари кўпгина олимлар томонидан ўрганилган. Яқинда Ўзбекис­тон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан тайёрланган “Хоразм вилоятининг турли даражада шўрланган, кам унумдор, оғир тупроқлари шароитида ғўзани қўшқаторлаб экиш агротехнологияси бўйича” ишлаб чиқилган тавсиялар қўлланмаси вилоятда ғўзани қўшқаторлаб экиб парваришлаш, хусусан, кўчат қалинлиги, суғориш, озиқлантириш, қатор ораларига ишлов беришдаги илғорлар тажрибасини илм-фан янгиликлари билан уйғунлаштирилган ҳолда кенг ёйиш ҳамда татбиқ қилиш орқали ҳосилдорликни ошириш имкониятларини кенгайтиришда муҳим қўлланма бўлади.
Айни пайтда мутахассислар ва фермерлар олдига сув танқислиги сезиладиган, тупроқ унумдорлиги паст ҳудудларда чигит экишнинг қўшқатор усулини босқичма-босқич жорий этиш талаби ҳам қўйилмоқда.
Биз фаолияти ҳақида фикр юритаётган Хонқа туманидаги Исломбой Ҳожиматов раҳбарлик қилаётган “Ораста-Шоҳиста” фермер хўжалигида мана 7 йилдирки, чигит қўшқатор усулида экилиб, юқори ҳосил олинмоқда.
Фермер 2014 йилда ўзига бириктирилган 70 гектар экин майдонининг 35 гектарига қўшқатор усулида чигит экиб, давлатга 140,5 тонна юқори навли пахта сотди. Ҳосилдорлик 40 центнерга кўтарилди. Ўтган йилги муваффақиятлар эса янада залворли бўлди. 37 гектар майдон ҳисобидан режадаги 120 ўрнига 187 тоннадан ошириб, пахта топширди. Ҳосилнинг деярли барчаси юқори навларга қабул қилинди. Ҳосилдорлик гектарига салкам 51 центнердан тўғри келди. Буғдойдан 72 центнердан хирмон кўтарилди. Бу иқлими ниҳоятда беқарор, тупроғи шўрланган воҳа шароити учун энг юқори кўрсаткичдир.
– Қўшқаторлаб чигит экишнинг воҳа шароитида аҳамияти катта, – дейди Исломбой Ҳожиматов. – Оддий усулда кунига 8 гектар майдонга чигит экилса, бу усулда сеялканинг қамров кенглиги ҳисобига 12 гектар майдонга экилади. Қатор ораларига ишлов беришда унум ва тежамкорлик юқори бўлади. Якка қаторга нисбатан гектарига 25-30 минг туп кўчат кўп жойлашади. Шўрхок ва кам ҳосилли майдонларга, айниқса, баҳор серёғин келган йилларда қўшқатор қилиб чигит экиш яхши самара беради. Ниҳоллар агротехника қоидаларига асосан парваришланса, кутилган даражада ҳосил олиш мумкин.
Ҳа, “Ораста-­Шоҳиста” фермер хўжалигини кўп тармоқлиликни ривожлантириш, ердан унумли фойдаланиш ва пировард натижада иқтисодиётимизни ривожлантиришга кўпроқ ҳисса қўшиш борасида олиб бораётган ишлари талайгина.
Ўзлари етиштирган маҳсулотларни сотадиган дўкон ва автокран машинаси аҳоли оғирини енгил қилишга кўмакдош. Аҳолининг “луқмаи ҳалол”га бўлган талабини қондириш мақсадида 1,4 гектарлик сунъий ҳовузда балиқ етиштириш йўлга қўйилди.  Айни пайтда парваришланаётган 18 бош қорамол, 40 бошдан зиёд қўй-­эчки, юзлаб паррандалар ва дала шийпони атрофидаги боғ, шунингдек, ариқлар бўйлари, дала четларига экилган мевали дарахтлардан олинаёт­ган маҳсулотларнинг оила ва жамоа аъзоларидан ортган қисми дўкон ва бозорлар пештахталарини тўлдирмоқда.

Холмурод ҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.