500 хонадон «хазина»га эга бўлди

parranda

Тошкент вилояти
Шу кунларда Бекобод туманига ташриф буюрган киши деҳқон бозорлари, маҳалла гузарлари ва озиқ-овқат дўконларида тухумнинг бошқа жойларга нисбатан анча арзон нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлади.

– Президентимиз томонидан қишлоқ жойларида паррандачиликни ривожлантиришни иқтисодий қўллаб-қувватлаш юзасидан молия муассасалари олдига аниқ вазифалар қўйилган, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Бобур Ҳакимов. – Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича туманимиз “Туронбанк”нинг Занги­ота филиалига бириктирилган. Молия муассасаси ходимлари жорий йил бошидан буён қишлоқ хонадонларида 200 бошгача парранда боқишни йўлга қўйиш ва шахсий томорқа хўжаликларида мазкур соҳани ривож­лантириш бўйича бир қатор ишларни амалга оширмоқдалар.
Банк томонидан аҳолига паррандачиликни ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар берилмоқда. Туман ҳокимлигида алоҳида штаб ташкил этилган бўлиб, молиявий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга қисқа фурсатда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш йўлга қўйилган. Филиалнинг 25 нафар ходимидан иборат ишчи гуруҳи маҳалла фаоллари билан уйма-уй юриб, хонадонлар эҳтиёжини ўрганиб чиқишмоқда. Энг муҳими, паррандаларни банк ходимларининг ўзлари етказиб беришяпти. Турли касалликларга қарши эмланган товуқлар бир ой давомида ветеринар назорати остида бўлиб, тўла мослашиш даврини ўтайди. Ўтган вақтда 500 дан зиёд хонадонларга 21,5 мингта тухумга кирган товуқлар етказиб берилди. Аҳоли аризалари бўйича хонадонларга тарқатилаётган товуқлар сонини яқин кунларда 50 мингтага етказиш бўйича зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Паррандани бекорга “етти хазинанинг бири” дейиш­маган, – дея таъкидлайди Ҳанифа Сатторова. – Банкнинг молиявий кўмагида 150 та товуқ олишимиз билан рўзғоримизга барака кирди. Товуқлар ҳар куни тухум беряпти. Эҳтиёжимиздан ортганини бозорга чиқаряпмиз. Бундай фаровонликни таъминлаб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.