Гўштидан момиғигача даромад

quyon

Қашқадарё вилояти

Вилоятда қуёнчиликни ривожлантиришга истиқболли йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Чунки мазкур тармоқ ривожи юқори иқтисодий самара келтириши билан ажралиб туради. Қуён тез етилувчан, сергўшт ва маҳсулдор жониворлар сирасига киради. Йил давомида 5-6 маротаба болалайди. Умуман, битта қуёндан йилига 50-60 ва ундан ҳам кўпроқ насл олиш мумкин. Бу эса ана шунча тери ва 70-80 килограмм гўшт етиштириш демакдир. Энг муҳими, ушбу фаолият билан шуғулланиш учун катта сармоя ва кўп меҳнат талаб этилмайди.

Биргина ўтган йили вилоятда бу йўналишда 72 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, етти мингдан ошиқ қуён парваришлаш йўлга қўйилди. Мазкур лойи­ҳаларнинг асосий ташаббускорлари фермерлар, аҳоли вакилларидир. Мисол учун, ўтган йили 64 та фермер хўжалигида қўшимча тармоқ сифатида қуён етиштириш йўлга қўйилган бўлса, жорий йилда яна 93 таси қуён боқишни кўзда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирди.
Муборак туманидаги “Паризода Дилнура” фермер хўжалиги полиз-­сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Эндиликда хўжаликда қўшимча тармоқ сифатида қуён боқиш ҳам ташкил этилди.
– Фермер хўжалигимизда қўшимча тармоқни ривожлантириш орқали даромадимизни ошириш режамиз бор эди, – дейди фермер Собир Комилов. – Бу борада қуёнчиликни танлаганимиз бежизмас. Чунки фаолиятни бошлаш учун катта сармоя талаб этилмайди, уй шароитида ҳам уларни бемалол парваришлаш имконияти мавжуд. Шу боис, зотли қуёнларни олиб келиб, уларни парваришлашни бошладик. Ҳозирги кунда асосий ­эътиборимизни қуёнлар сонини кўпайтиришга қаратяпмиз.
Таъкидлаш жоизки, қуённи ҳовлисида боқаётган фуқаролар гўшт сотиб олмайди. Аксинча, бу фаолият ортидан яхшигина даромад кўради. Терисини сотади, қуённинг ўзини ҳам кўпайтириб, бозорга чиқариши мумкин.
– “Янги Зеландия” зотли 22 та қуён сотиб олиб, хонадонимизда парвариш­лаяпмиз, – дейди Қарши туманилик Собир Отабоев. – Ўз вақтида озуқасини берсангиз, бироз эътибор билан парваришласангиз, улар тез кўпаяр экан. Ҳозир сонини анча кўпайтириб олдик.
Ҳудудда қуёнчилик қанча ривож­ланса, янги-янги имкониятлар йўли очилади. Масалан, ушбу ҳайвон гўшти, терисини, ундан олинадиган момиқни чуқур қайта ишлаш истиқболлари кўзга ташланяпти.
Эътиборлиси, айнан шу асослардан келиб чиқиб, ички ва ташқи бозор талабини ўрганган ҳолда иш кўраётган тадбиркорлар ҳам бор. Хусусан, Қарши туманидаги “Дилшод Диёрбек Ҳамкор” агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳа қуён гўштини қайта ишлашни кўзда тутади.
– Бир йил аввал Италиядан “Янги Зеландия” зотли 114 та қуён олиб келиб, кўпайтиришни бошлагандик, – дейди агрофирма раҳбари Дилшод Абраҳматов. – Қуёнлар ўзининг сергўштлиги ва тез кўпайиши билан ҳам ажралиб турар экан. Ҳозирга қадар 2 мингга яқин қуённи ҳудуддаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига шартнома асосида етказиб бердик. Ўзимизнинг фермамизда эса мингдан ошиқ қуён парваришланмоқда.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, қуёнлар сони ошиши билан унинг гўштини қайта ишлаш эҳтиёжи ҳам пайдо бўлган. Шу боис, ҳозирги пайтда тижорат банки кўмаги билан Хитой техонологияси асосида қуён гўштини қайта ишлаш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда. Қувват ишга тушгач, бир вақтнинг ўзида қуёнларни автоматик равишда сўйиш, гўштини қайта ишлаш ва қадоқлланган ҳолда ички бозорга ҳамда экспортга йўналтириш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли томони, аҳоли хонадонларида парваришланаётган қуёнлар ҳам шартнома асосида қабул қилиниб, қайта ишлашга йўналтирилади.
Вилоятда қуён етиштириш, гўшти ва терисини қайта ишлашга мўлжалланган яна бир йирик лойиҳа Қамаши туманидаги “Қамаши момиқ қуёнлари” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
– Президентимиз жорий йилнинг 24-25 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи давомида лойиҳамиз билан танишиб, уни янада мукаммаллаштириш бўйича ўз тавсияларини бергани бизни янада руҳлантирди, – дейди корхона раҳбари Бахтиёр Ғафуров. – Ишни бошлашимиз учун тумандаги паррандачилик хўжалигига тегишли бўлган бино “ноль” харид қийматида берилди. Ҳозирда бу ерда қурилиш ишларини олиб боряпмиз. Лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 3,5 миллиард сўми банк кредити, 2 миллиард сўми банк инвестицияси ва 500 миллион сўми ўз маблағимиз ҳисобланади. Лойиҳа тўла рўёбга чиқарилгач, хўжаликда 30 мингта қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона тери тайёрланади. Қайта ишланган маҳсулотнинг аксарият қисми экспортга йўналтирилади.
Хуллас, қуёнчиликни истиқболли тармоққа айлантириш учун вилоятда ана шундай тизимли ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг самараси ўлароқ, юртимиз аҳолиси қуён гўшти, териси, тивити билан етарлича таъминланади. Шу аснода, экспорт кўлами ошади, қўшимча иш ўринлари яратилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.