«Болалар уйи»да тўй

2_nuk

Қорақалпоғистон Республикаси

Меҳр-оқибат, хайру саховат халқимизга хос азалий фазилатлардан саналади. Бировнинг кўнглини сўраш, кам таъминланганларга мурувват кўрсатиш, боқувчисиз қолганларнинг бошини силаш миллий қадриятларимизнинг амалий ифодасидир.

Ана шундай анъаналарни ўзида жо қилган тадбир Хўжайли тумани Тахиатош шаҳридаги “Болалар уйи”да ҳам бўлиб ўтди. Муассасада тарбияланувчиларнинг хатна тўйи ташкил этилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда юртимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, боқувчисиз қолган болалар таълим-тарбиясига, уларнинг замонавий билим олишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил ушбу муассаса замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар билан таъминланиб, тарбияланувчилар учун барча шарт-шароит­лар яратилди.
Тадбирда болажонларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши, қатор вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
– Етти нафар боланинг тўйини ўтказишга кўмак берган барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдирамиз, – дейди муассаса бош шифокори Анжела Умирова.
Таниқли санъаткорлар, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри жамоаси, “Меҳрибонлик уйи” ҳамда “Болалар уйи” тарбияланувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тўйга кўтаринкилик бағишлади.
Тадбирда Қорақалпоғис­тон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.