Соянинг фойдаси бениҳоя

Андижон вилояти

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг катта илмий ходими Маъмурахон Маннопова ҳамиша деҳқонлар даврасида дуккакли экинлар экишни тарғиб қилишдан асло чарчамайди. Керак бўлса, фермернинг даласига бориб тажрибасини бирга баҳам кўради.

Маъмурахон Маннопованинг мутахассислиги – тупроқшунос. У ернинг қувватини оширишда дуккакли экинлар ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини яхши билади. Сўнгги йилларда такрорий экин сифатида мош, ловия, ерёнғоқ экиш кўлами кенгайиб бормоқда. Бу борада эса Маъмурахон фермерларга яқин маслаҳатчи, беминнат кўмакдош.
Олиманинг таъкидлашича, соя экинини тўлиқ қайта ишлаш орқали тўрт юз хилдан зиёд маҳсулот олиш имкони бор.
Соя донида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой, юқори даражадаги озуқа бирлиги мавжуд. Маълумки, инсон организми учун керакли оқсилни чорва маҳсулотларидан олади. Иқтисодий таҳлилга муро­жаат этсак, соя оқсилининг таннархи ҳайвон оқсилидан 27 марта арзонга тушади. Чорвачиликни  ривожлантиришда соянинг аҳамияти катта. Айтайлик, 961 грамм соя кунжараси товуқнинг қўшимча бир килограмм вазн орттиришига хизмат қилади. Соя ўсимлиги ҳаводан табиий азотни ўзлаштириш ва тупроқда қолдириш бўйи­ча алоҳида ўрин тутади. Чунончи, соя экини ҳам ҳар гектар ерда ўзидан ортган ҳолда 55-60 килограмм  табиий азот қолдиради. Шу боис, ернинг унумдорлигини оширишда ривожланган давлатлар соя ўсимлигидан фойдаланишади. Хуллас, соянинг пўчоғи ҳам ем аралашмасининг асосий қўшимчаларидан бири сифатида ишлатилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқ билан учрашувларда мазкур ўсимликнинг фойдали жиҳатлари ҳақида сўз юритиб, уни етиштиришни ривожлантиришга алоҳида урғу бериб келаётир. Дарҳақиқат, бу саъй-ҳаракатлар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга ҳамоҳанглиги билан ҳам аҳамиятли. Ушбу жараён бўйича бу мавсумда Андижон вилоятида ҳам  беш юз гектар майдонга соя экиш режалаштирилди. Соя уруғини олиб келиш, экиш, парваришлаш ва йиғиб-териб олишни молиялаштириш ёғ-мой корхоналарига юклатилди. Қолаверса, маҳсулотнинг фойдали хислатлари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаётир.
Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалигида соя экиш ва парваришлаш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди. Ушбу фермер хўжалигида 50 гектар майдонга соя экилмоқда. Фермер Фахриддин Исмоилов Европа мамлакатларига қилган сафарлари давомида мазкур ўсимликнинг биз учун ҳам нақадар зарурлигини кўп бор ҳис этганлиги боис, янгиликка биринчилардан бўлиб қўл урди.
– Соя экини агротехникаси ғўза парваришига ўхшаш, – дейди у. – Уруғ, минерал ўғитлар миқдори ва нисбати айтарли тенг. Бу борада ўзига хос тажриба тўплаганмиз. Қолаверса, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Маъмура Манноповадан ҳам тегишли маслаҳатларни олиб турибмиз.
Дарҳақиқат, такрорий экин сифатида соя экилиб, гектаридан 20 центнергача дон олинган. Биринчи экин ҳисобидан эса ҳосилдорлик янада юқори бўлиши кутилмоқда. Семинарда қайд этилганидек, вилоятда соя уруғчилиги тизимини яратиш учун ҳам имкониятлар етарли.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.