Ёш тадбиркорлар сафи кенгаяди

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Жиззах шаҳар кенгаши томонидан “Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш – бандликни таъминлашнинг муҳим омилидир” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди.

Унда молия муассасалари, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва давлат солиқ инспекцияси вакиллари бўлажак тадбиркор ёшларга бизнес-режа тузиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш, фаолиятни кенгайтиришга оид тавсиялар берди.
Тадбирда 80 нафар ёш йигит-қиз ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчилари “Ёш мулкдор – юрт таянчи”, “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари асосида тайёрланган бизнес режалари билан иштирок этди.
– Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити аҳолининг ҳар бир қатлами, хусусан,  биз каби ёшларга ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кенг йўл очиб бермоқда, – дейди тадбир қатнашчиси Нур­ҳаёт Музаффаров. – Яқин кунларда иссиқхона барпо этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўймоқчиман. Бугунги тадбирда мутахассислар томонидан берилган тавсия­лар келажакда ўз бизнесимни ривожлантиришимда асқотади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.