Банк хизматлари ва технологиялари намойиши

bankexpo-2017

Унда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсади ўз ифодасини топмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” марказида банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари
“BankЕxpo – 2017” X миллий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлар ассоциацияси, Банклар ассоциацияси ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиқанлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси, молия-банк тизимидаги янги технология­лар орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар, хусусан, оддий аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритишди.
Давлатимиз раҳбари ўтган 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида банклар “Бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши шарт”лигини таъкидлаб, бу борада аниқ вазифа қўйди: “Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак”.
Орадан кўп вақт ўтмай юртимиз тижорат банклари томонидан ушбу вазифани амалга оширишга жиддий киришилди. Яъни аҳолини тадбиркорликка етаклаш мақсадида хонадонларда мулоқотлар ўтказилди. Кўплаб оилалар вакилларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди ва айни кунларда ҳам ушбу жараёнлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бунда аҳолига паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби йигирмадан зиёд йўналишда тадбиркорлик қилиш учун кредитлар таклиф этилмоқда. Жорий йилги ўтказилаётган кўргазмада ҳам тижорат банклари томонидан айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни “BankЕxpo – 2017” миллий кўргазмаси павильонларида тижорат банклари томонидан тайёрланган турли буклетлар ва тарқатма материалларда ҳам ўз аксини топган. Бу орқали тадбир иштирокчилари, хусусан, тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқаролар ва ўқувчи-ёшлар янада кенг маълумотларга эга бўлишмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида банк тизимини тубдан ислоҳ этиш ва янада эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида банкларнинг капиталлашув даражаси юксалиб, инвестицион фаоллиги кенгайиб бораётир.
– Амалдаги йилда банклар томонидан 18 триллион сўм кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарма бошлиғи Адҳам Ражабов. – Шундан тадбиркор аёллар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1,8 триллион сўм, хизмат кўрсатишга 1,9 триллион сўм ва бошқа тармоқларни ривож­лантириш учун кредитлар йўналтириш кўзда тутилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш учун 1,5 триллион сўм кредит маб­лағлари ажратилди.
Бугун мамлакатимиз кичик бизнес корхоналари озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёж моллари, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар, электротехника воситалари каби кенг турдаги товарларни ишлаб чиқармоқда.
Тадбирга ташриф буюрган мижозлар, хусусан, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектлари, бундан ташқари, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган таълим муассасалари битирувчиларининг лойиҳаларини молиялаштириш тартиб тамойиллари ва бошқа таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича малакали мутахассислар томонидан атрофлича маълумот ва маслаҳатлар берилмоқда.
Кўргазмада фаол иштирок этаётган “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки иштирокчиларга замонавий банк хизматларини ва аҳолининг кредитлардан фойдаланиш даражасини ошириш, уларни қайтаришнинг турли усулларини таклиф қилмоқда. Жумладан, банк томонидан ишлаб чиқилган “QQB Mobile” дастури кўплаб қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Асака” акциядорлик тижорат банки стенди ҳам гавжум. Мамлакатимиз иқтисодий ҳаё­тининг барча иштирокчилари билан ҳамкорлик қилишга интилаётган мазкур банк мулк­чилик шакли ва фаолиятидан қатъи назар, хўжалик субъектлари, шунингдек, аҳоли ижтимоий қатламларининг турли талабларига жавоб бериш вазифасини ўз олдига қўймоқда.
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам жисмоний ва юридик шахсларга кенг турдаги хизматлар таклиф этаётир. Кўргазмада ушбу молия муассасаси мутахассислари замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мавжуд имкониятлар ҳақида сўзлаб бермоқда. “SMS-банкинг”, “Мобиль банкинг”, “Мобиль савдо” шулар жумласидандир.
– Мазкур кўргазмада илк бор иштирок этяпман, – дей­ди Чиноз туманилик тадбиркор Ҳаёт Курбангалиева. – Банкларнинг кенг турдаги хизматлари ва кредит олиш бўйича таклифлари менга жуда маъқул бўлди. Президентимизнинг оддий аҳолини тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ташаб­буси биз, тадбиркорларни янада тўлқинлантириб юборди. Ушбу кўргазмада Спорт маж­муаси қуришга қаратилган лойиҳа бўйича “Энг яхши тадбиркор аёл” номинацияси ғолиби бўлдим. Бундан жуда мамнунман.
“BankExpo – 2017” кўргазмасида “Ипотека-банк”, Халқ банки, “Микрокредитбанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Капиталбанк”, “Asia Alliance Bank”, “Ҳамкорбанк” каби тижорат банкларининг инновацион технологиялари ва хизматлари тақдимотлари ҳамда кредит ажратиш бўйи­ча таклифлари иштирокчиларга манзур бўлмоқда.
Шунингдек, кўргазмада тадбиркорликни, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-­режасини қўллаб-қувватлашда банклар билан кенг ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор ташкилотлар ўз хизматларини намойиш қилмоқда. Суғурта компаниялари ҳам замонавий хизматлар таклиф этаётир.
Кўргазма якунида тижорат банкларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъект­лари, ёш тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўтказилган танловлар ғолиблари эълон қилинди. Уларга имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди.
Мухтасар айтганда, кўргазма иштирокчилар ва меҳмонларнинг банк тизими ютуқлари, ривожланиш истиқболлари ҳақида ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш, манфаатли ҳамкорлигини кенгайтиришга, умуман олганда, мамлакатимизда банк иши тараққиётига, иқтисодиёт субъектлари ва аҳолининг банк хизматларига бўлган ишончи ва талабини тўла қондиришига қулай шароит яратади.

Озод ОЧИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.