Инсон қадри улуғланган юртда яшаш бахтдир

Навоий вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори биз, нуронийларни янада руҳлантириб юборди. Бу қарор кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун юксак меҳр ва эътибор намунаси бўлди.

Зеро, қарорда эътироф этилганидек, “Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир”.
Ушбу қарорга ҳамоҳанг тарзда шу куни Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилингани эса жанггоҳларда халқимиз осойишталиги, тинч ва хотиржам кунлар учун курашган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қувончига қувонч қўшди.
Шукрки, мустақилликка эришиб, озод ва обод юртда, фаровонликда яшаяпмиз. Бугун халқимиз ҳеч кимдан кам эмас. Мустақил юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ва бунёдкорлик­ларни кўриб, қалбим ғурур ва ифтихорга тўлади. Биз, кекса авлод вакиллари эса дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган, тенглар ичра тенг бўлган жаннатмонанд юртимизга асло кўз тегмасин, ёмонликлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин, деб ҳамиша дуога қўл очамиз.
Шундай эзгу ишлар бошида турган муҳтарам Президентимиз томонидан кекса-нуронийларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ниҳояси йўқ. Ҳамиша эл эъзозида, фарзанд, набиралар ардоғида Ўзбекис­тондек мамлакатда умргузаронлик қилаётганимдан бахтиёрман. Ёшларга ўтмиш хотираларимдан сўзлаб, бугунги фаровон кунларнинг қадрига етиш, давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишни насиҳат қиламан.
Тинч ва осуда ҳаёт гашти нақадар тотли. Буни асраб-­авайлаш бугунги авлоднинг асосий вазифаси бўлиши керак. Болаларининг бугуни, келажаги учун қайғураётган юртнинг эртаси улуғ, истиқболи порлоқ бўлади, албатта.
Биз, кексалар эса кўрсатилаётган ғамхўрликларга миннатдорлик сифатида  ёшларимизни ватанпарвар, мард ва жасур йигит-қизлар бўлиб етишишига ундашдан, чексиз эътибор ҳамда бугунги файзли кунларга шукрона келтиришдан чарчамаймиз.

Насим НОРОВ,
Навоий шаҳридаги “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.