Сув ресурсларини бошқаришда янги лойиҳа

Бухоро вилояти

ТИЗИМ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Маълумки, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик асосида фойдаланиш иқтисодий самарадорликка эришишнинг муҳим омили саналади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежайдиган замонавий технологиялар ва усуллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Илмий ишланмалар ва илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борада бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора мус­таҳкамланиб бораётир.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаёт­ган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришнинг миллий лойиҳаси фикримизга яққол мисол бўла олади. Мазкур лойи­ҳадан кўзланган мақсад сув ресурсларини адолатли ва истеъмолчилар талаби асосида бошқариш тамойилини тарғиб қилишга ҳамда сув билан боғлиқ  табиий офатлар хавфини камайтиришга қаратилган.
Бухоро шаҳрида лойи­ҳа доирасида Фермерлар дала мактаби тренерларининг ўқув-семинари бўлиб ўтди. Тадбирда бошқа вилоятлардан келган фермерлар, соҳа мутахассислари иштирок этишди. Иштирокчилар эътиборига сув тизими ташкилотларида ахборот ресурс марказини ташкил этиш, сув хўжалиги соҳасининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шунингдек, сув ресурслари бошқаруви билан шуғулланувчи барча даражадаги бўғинларида ахборот коммуникация технологиялари таъминотини яхшилаш орқали эришиладиган натижалар, сув ресурс­ларидан самарали ва оқилона фойдаланиш масалалар бўйича тавсиялар ҳавола этилди. Бу борада агентлик томонидан ажратиладиган молиявий маблағлар тўғрисида  маълумотлар берилди.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.