«Ватан тараққиёти йўлида бор куч-ғайратимизни ишга соламиз»

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Фарғона вилояти

Қўштепа туманидаги “Акмал” кўп тармоқли фермер хўжалиги 1993 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади. Хўжаликда ўтган йиллар мобайнида шартнома шартлари зиёди билан уддаланмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари Маъруфжон Собиров, аввало, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. Натижада тупроқ унумдорлиги ортиб, ҳосилдорлик ошди.

– Биринчилардан бўлиб фермер хўжалиги ташкил этгандик, – дейди фермер. – Уни кўп тармоқли хўжаликка айлантириш йўлидаги уриниш­ларимиз зое кетмади. Ҳозирги кунда 127 бош қорамолимиз бор. Уларнинг 60 боши соғин сигирлар ҳисобланади. Ҳар куни Наманган вилоятидаги “Nеstlе” қўшма корхонасига 300 литр ёғли сут топширамиз. Қолганини ўз эҳтиёжимиз учун ишлатамиз. Сутнинг ёғлилик даражаси 4,1-4,4 фоизни ташкил қилмоқда.
2014 йил Голландиядан наслли чорва моллари олган бўлсак, 2016 йил Австрия­нинг “Симментал” наслли молларидан 50 бошини харид қилиш учун пул ўтказдик ва ҳозиргача 31 бошини келтирдик. Қолганини ҳам яқин кунларда олиб келамиз. Австриянинг ушбу наслли чорва моллари гўшт ва сут йўналиш­ларида парваришланмоқда. Бизга бу борада “Наслхизмат” корхонаси яқиндан ёрдам бер­яп­ти.
Ҳозирги кунда тўртта молхонамиз мавжуд. Аммо улар чорва моллари учун торлик қилиб қоляпти. Келгусида яна шунча молхона қуриб, фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз. Мақсадимиз Ватанимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиш. Бу йўлда бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Чорвачилик фермасида сигирлардан соғлом бузоқ олишга катта аҳамият берилмоқда. Яъни ҳар 100 бош молдан ўртача 85 бош бузоқ олинаётир. Ветеринар Умиджон Тожибоев, молбоқарлардан Валишер Ғаниев, Носиржон Мин­гишев, бузоқбоқар Аҳмадали Қаландаров бу соҳанинг жонкуярларидир. Улар белгиланган қоидалар асосида чорва молларини парвариш­лашади.
Фермернинг кичик ўғли Шерзод фермада иш юритувчи, катта ўғли Дилшод эса дала ишларини олиб боради.
– Ўтган йили 24 гектар ердаги ғалладан 70 центнердан ҳосил олгандик, – дейди Дилшод. – Ғалланинг “Гром” нави бизнинг ерларга мослашган. Бу йил ҳосилимиз ўтган йилдагидан ҳам мўлроқ бўлиши кутилмоқда. Чунки кўчатлар ҳолати шундан далолат бермоқда. Жорий йилда пахта ҳосилини ҳам 40 центнердан ошириш ниятидамиз.
Фермер хўжалигининг техника базаси ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳозирги кунда мавжуд “Клаас-­арион” ҳайдов трактори, иккита “Беларус”, битта “МТЗ-80”, тўртта “ТТЗ-80” русумли чопиқ трактори хўжаликка даромад келтираётир. Тракторчилар Шавкатжон Отажонов, Муҳаммаджон Нишонов, Акрамжон  Собиров, Олимжон Қосимов, сувчилар Камолиддин Мақсудов, Қосимжон Холматов, Мирзажон Эргашев, Адҳамжон Ортиқов  зиммаларидаги вазифаларини аъло даражада адо этиб келишмоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.