Янги логистика марказлари ташкил этилмоқда

Миллий матбуот марказида “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, уларни экспортга тайёрлаш ва транспортировка қилиш ишларини комплекс бажариш мақсадида логистика марказлари ташкил этилаётгани хусусида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, уюшмага қарашли олтмишга яқин савдо-тайёрлов корхоналари етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш, сақлаш ва аҳолини ушбу маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Уюшма томонидан озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга ихтисослаштирилган янги омборхоналар барпо этиш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир давомида уюшма вакиллари ташкил этилаётган логистика марказларида сервис ва юридик хизматлар йўлга қўйилишини маълум қилдилар. Мазкур марказларда экспорт учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тайёрланади. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга катта қулайлик яратади.
Тадбирда журналистлар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Одил ИСЛОМОВ