Экспорт жўғрофияси кенгаяди

Миллий матбуот марказида “Ўзбекенгилсаноат” АЖ томонидан экспорт маҳсулотлар ҳажмини ва уларнинг таркибида тайёр буюмлар улушини ошириш ҳамда товарлар экспорти географиясини кенгайтиришга бағишланган анжуман ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ таркибидаги корхоналар томонидан экспортга жўнатилаётган тайёр маҳсулотлар турларини кўпайтириш бўйича ижобий натижаларга эришилмоқда.
Тармоқда саноат ишлаб чиқарилиши бундан кейин ҳам дадил ўсишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қўшимча равишда умумий қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларига тенг 132 та янги инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Уларнинг қарийб 50 фоизини хорижий инвес­тиция ва кредитлар эвазига молиялаштириш кўзда тутилмоқда.
– 2016 якунлари бўйича тармоқнинг 200 дан ортиқ корхоналари хорижда ва Ўзбекистонда ўтказилган 23 та кўргазма ва ярмаркаларда муваффақиятли иштирок этди, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” АЖнинг Маҳсулотлар экспорти мониторинги ва ташқи савдо компанияларини мувофиқлаштириш бош­қармаси бошлиғи Жасур Рустамбеков. – Натижада 1,021 миллиард АҚШ долларидан ортиқ узоқ муддатли шартномалар тузилди. Бу эса 2015 йил кўрсаткичларига нисбатан 2,4 баробар кўпдир. Шунингдек, дастур бўйича 112 та янги, замонавий, юқори технологик ишлаб чиқаришларни барпо этиш ҳамда 20 та мавжуд қувватларни кенгайтириш, модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш режалаштирилган. Дастурнинг мақсадли параметрлари амалга оширилиши тармоқнинг экспорт салоҳия­тини бир йилда 2,5 миллиард АҚШ долларига ошириш ва қўшимча 25 мингдан зиёд иш ўрни яратишга имкон беради.
Анжуман якунида соҳа мутахасислари журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Наргис ҲАСАНОВА