Инновацион ўқув лабораторияси

Акциядорлик тижорат Халқ банки “Фидо Бизнес” ахборот технологиялари компанияси билан ҳамкорликда Тошкент Молия институтида “Инновацион-ўқув лаборатория комплекси” ташкил этилди.

Унинг тақдимотига бағиш­ланган тадбирда банк ва компания ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, банк ва таълим муассасаси ўртасида самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
2016 йил давомида Халқ банки тизимига 116 нафар Тошкент молия инс­титути битирувчиси ишга қабул қилинди. Ўз навбатида, институт ҳузуридаги малака ошириш марказида банкнинг 210 нафар ходими малака ошириб қайтди. Шунингдек, институтнинг 180 нафардан зиёд талабаси Халқ банкининг турли филиалларида амалиёт ўтади.
Тадбирда банк томонидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида таклиф этилаётган янги хизмат турлари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Ушбу инновацион ўқув лабораторияси ҳам давом этиб келаётган ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда талабалар ва банк ходимларининг билим ва малакаларини оширишга хизмат қилади.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ