Тадбиркор бўлмоқчимисиз, марҳамат!

2_jizzax

Жиззах вилояти

Бунинг учун хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барча шароитларни яратиб беришмоқда

Шароф Рашидов тумани Тоқчилик маҳалласида яшовчи Фурқат Бойматов томорқасидан йилига уч-тўрт марта ҳосил олади. Рўзғорга керакли сабзавот ва мевалар шу ерда етиштирилади. Деҳқон ҳосилнинг бир қисмини бозорга ҳам чиқаряпти.
У анчадан бери иссиқхона қуриш ниятида эди. Ундан-бундан суриштириб, соҳанинг нозик жиҳатларини ўзлаштириб ҳам олди. Иссиқхона учун жой тайёрлади, ишни бошладию, охиригача етказишга қўли бироз калталик қилди. Кутилмаганда банк ходимлари уйига келиб, ортиқча оворагарчиликларсиз, кам фоизли кредит олиши мумкинлигини айтишди.

– Қарангки, чопа-чопсиз, қисқа муддатда 7 миллион сўм кредит олдим, – дейди у. – Ҳозир иссиқхонамизда помидор ҳосилга кириш арафасида, яқин кунларда лимон кўчатлари экамиз. Лимонлар орасида эса бошқа экинлар етиштирилади.
Жиззах шаҳрининг Шодлик маҳалласида яшовчи Шерзод Шарипов ҳам оиласи даромадини ошириш ниятида банкдан 4 миллион 300 минг сўм кредит олди. Унга 100 та товуқ, сим катак ва озиқа харид қилди.
– Мен илгари ҳам банкдан кредит олганман, – дейди Шерзод Шарипов. – Бунинг учун бир ой вақтим кетганди. Аммо бу сафар бир ҳафта ичида кредитни ҳам, парранда, озиқа ва жиҳозларни ҳам олишга муваффақ бўлдим. Банкларнинг мижозларга нисбатан қарашларини, муносабатини ўзгартиргани, халқимиз қалбида тадбиркорлик ҳиссини уйғотаётганлиги учун Президентимизга раҳмат! Айт­ганча, мен иссиқхона қуриш учун яна кредит олишни мўлжаллаяпман.
Аҳолини ишбилармонликка жалб этишга қаратилган тадбирларда вилоятдаги 9 та тижорат банки ва улар тизимидаги 37 та филиалнинг 561 нафар мутахассислари иштирок этмоқда. Соҳа ходимлари 136 минг 934 та хонадонда бўлиб, кредитларнинг қайси соҳаларга ажратилиши, кредит фоизлари, маблағ олиш шарт ва тартиблари ҳақида маълумотлар беришяпти.
– Шу билан биргаликда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш нуқтаи назаридан таклиф ва тавсияларимизни аямаяпмиз, – дейди Марказий банкнинг Жиззах вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Икром Маматқулов. – Мазкур мақсадда 209 минг 376 та хонадонга хатлар чиқарилди. Учрашувлар давомида 21 минг 159 киши ўз ишини очиш нияти борлигини билдирган. Бугунча улардан  5 минг 763 нафарига 44 миллиард 269 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Чунончи, 5 минг 696 киши қишлоқ хўжалиги, 39 киши саноат, 28 киши хизмат кўрсатишга доир лойиҳаларни амалга оширган. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган бу тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш билан бирга иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, бугун банк ходимлари аҳоли билан чин маънода мулоқотга киришиб, фаолиятларини инсон манфаатларига уйғунлаштиришяпти.
Вилоятдаги молия муассасалари томонидан ажратилаётган кредитлар боғдорчилик, иссиқхоналар қуриш, чорва сотиб олиш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, сабзавотчиликни ривожлантириш учун йўналтирилган. Шунингдек, маблағлар қурилиш ҳамда нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт, савдо, маиший техникаларни таъмирлаш, тикувчилик, автомобиль хизматларини ташкил этишга сарф этилган.
– Марказимиз тадбиркорларга ҳокимлик, коммунал, кадастр, архитектура, алоқа каби бир қатор идоралардан рухсат ва лицензиялар олиш билан боғлиқ 16 турдаги хизматларни кўрсатмоқда, – дей­ди Жиззах шаҳар тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маркази бош мутахассиси Камолиддин Тўраев. – Яъни тадбиркор рухсат берувчи идораларга бормасдан зарурий ҳужжатларни марказимиз орқали расмийлаштираётир. Айтганча, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бир иш кунида ҳал этилаётир. Қайта рўйхатдан ўтказиш, мулк шакли ва устав фондини ўзгартириш икки иш кунида ҳал этилади. Агарда бизга  интернет орқали тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, маълумотлар олиш мақсадида мурожаат этилса, олинадиган бож ва йиғимлар 50 фоизга қисқартирилади. Ишбилармонларнинг замонавий ахборот технологияларига таяниб иш кўриши таъмагирликларга чек қўйилишига омил бўлади. Мазкур тадбирлар замирида Президентимизнинг давлат идоралари ходимларини халқ хизматида бўлишга ундовчи даъвати мужассам, десам адашмайман.
– “Ягона дарча” марказига корхонамизни давлат рўйхатидан ўтказиш, табиий газ тармоғига уланиш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда маълумотлар олиш учун мурожаат этганман, – дейди “Азия пласт капитал” масъулияти чекланган жамиятининг тижорат раҳбари Шерзод Салимов. – Ҳамма мурожаатларим қонунда белгиланган муддатларда ечим топган. Илгари ўз ишингни очиш учун рухсат берувчи идораларнинг ҳар бирига камида уч-тўрт марта боришингга тўғри келарди. Навбат кутишлар, қайсидир мутахассисни топа олмаслик, зарур бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш, ишни чўзиш, расмийлаштириш муддатларини кечиктириш одатий ҳол эди. Ана шу тўсиқлар сабаб бошлаган ишидан воз кечганларни ҳам кўрганман. Ҳозир барча ишимизни “Ягона дарча”га интернет орқали мурожаат этиш билан ҳал этяпмиз. Уларга сарф бўладиган вақт ва кучимизни фаолиятимиз доирасидаги вазифаларга йўналтирмоқдамиз. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда юзага келтирилаётган қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркорларни мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга ундамоқда. Жумладан, Пахтакор туманидаги яроқсиз супермаркет биносининг “Ҳамзаева Хадича” хусусий корхонасига “ноль” қийматда берилиши дўкон ўрнида 30 та иш ўрнига эга мебель ишлаб чиқариш цехи ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг фаолияти йўлга қўйилишига сабаб бўлди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 685 миллион сўм сарфланди.
– Зомин туманининг Дуоба қишлоғи ҳудудида жойлашган қурилиши тугалланмаган  бинони “ноль” қийматда олиб, ўрнида 48 ўринли маданий дам олиш уйи барпо этдик ва 30 та иш ўрни яратдик, – дейди “Хуршида Баҳром” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Ғайбулла Умаров. – 1 миллиард сўм қурилиш ва реконструкция ишларига сарфланди. 875 миллион сўм ҳордиқ учун зарурий шароитларни юзага келтиришга йўналтирилди. Халқаро талабларга мос дам олиш уйимиз қулай шароитли хоналар ҳамда ёпиқ сузиш ҳавзасига эга. Шунинг­дек, бу ерда теннис, биллиард, шахмат сингари спорт турлари билан шуғулланиш имконияти ҳам мавжуд. Мақсадимиз, туманимизга келган юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш. Дам олиш уйи 30 та иш ўрнининг юзага келтирилиши учун хизмат қилди.
– Вилоятимизда 36 та давлат мулки объектлари 32,5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 1 минг 173 та иш ўрни яратиш шарти билан салоҳиятли тадбиркорларга “ноль” қийматида берилди, – дейди Жиззах вилояти хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривож­лантириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Собир Пардабоев. – Бу объектларнинг 18 таси саноат, 14 таси хизмат кўрсатиш, 3 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш, 1 таси турар-жой сифатида ажратилди. Ўтган давр мобайнида мазкур объектларга тадбиркорлар томонидан 13,2 миллиард сўмлик инвестициялар киритилди. Қисқаси, тадбиркорларнинг “ноль” қийматда бино ва иншоотларга эга бўлиши уларнинг фаолиятини кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Маълумки, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимоялаш, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиш ҳамда тинчлик ва осойишталик кафолати бўлган мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш ҳар жиҳатдан иқтисодиётга боғлиқ. Шу маънода, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнини кузатиб, эртамиз янада файзли ва гўзал бўлишини туямиз. Бундан қалбларимизда ғурур, ифтихор жўш уради.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.