Мутолаа ҳафталиги китобга меҳрни оширади

2_sirdaryo

Сирдарё вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Сирдарё вилоятида “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилаётган  “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” давомида ўқувчи-ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларда мутолаа завқини уйғотиш, маҳалла ҳамда ҳар бир оилада китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида вилоятдаги таълим муассасалари, олис қишлоқларда кўчма кутубхоналар ташкил этилмоқда. “Бир фарзандга уч китоб” лойиҳаси доирасида китоб савдоси, сайиллар, ярмаркалар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Китобни  севган кишининг онгу тафаккури, маънавий дунё­си юксак бўлади, эзгулик йўлида дуч келган барча тўсиқ ва машаққатларга қарши курашда ўзида маънавий куч топа олади. Болалар китобхонлигини ошириш учун ахборот-ресурс маркази ва кутубхоналар ишини ташкил қилишда, албатта,  янгиликка интилиш муҳим  аҳамият  касб этади.  Инновация, яъни янгилик киритиш жараёни  кундалик ҳаётда болаларнинг ижодий фикрлаш ва изланишларига ҳам кенг йўл очиб беради. Буларнинг ҳаммаси,  ўз навбатида, ўқувчининг китобга ва китоб мутолаасига бўлган меҳрини, эътиборини оширади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги ўқувчи-ёшларимизнинг китобга, китоб ўқишга бўлган қарашлари тубдан ўзгарди. Тадбир давомида уларнинг фаоллиги, бадиий адабиётлар бўйича билим даражаси ва, қолаверса, турли анжуманлардаги фаол иштироки  таҳсинга лойиқ бўлди.
–  Ахборт-ресурс марказимиз 32 минг 500 дан ортиқ китоб фонди, 8 минг 200  дона электрон китоблар,  дарслик­лар ва қўлланмаларга эга бўлиб, фойдаланувчилар сони 10 минг нафарни ташкил этади, – дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори Шоира Шукурова. –  Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан китоб фондимизни бойитишга  35 миллион сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, кутубхона фонди ҳомий ташкилотлар ва саховатли китобсеварлар ёрдами билан кундан-кун бойиб бораётир.
Тадбир давомида “Китобхон аёллар” кўрик-танлови, “Китоб жавонидаги қаҳрамонлар” мавзусида савол-жавоблар викторинаси, “Қизиқарли интернет” мавзусида ўқувчи-ёшларнинг ахборот билимдонлигини ошириш бўйича машғулотлар ташкил этилмоқда.
– Ижодкорлар билан учрашув, кўрик-танлов, викторина ва ундан кейинги “Китоблар ярмаркаси” менда  катта таассурот қолдирди, – дейди Гулистон шаҳридаги 11-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Камола Бойтўраева. – Кўргазмада ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндаларининг ноёб асарлари тўплами намойиш этилди. Бу тадбирда иштирок этиб, ўзимга  манзур бўлган китобларни имтиёзли  нархда  сотиб  олдим.
“Оммавий китобхонлик ҳафталиги” вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги барча ўқув муассасаларида давом этмоқда.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.