Саноат ярмаркаси – ҳамкорлик учун қулай имконият

2_qalpoq

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукусда ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Тадбирда 370 дан зиёд корхона ва хусусий тадбиркорлик субъекти озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари, бутловчи буюмлар, қурилиш материаллари, мебель, гилам ва трикотаж буюмлари, электротехника каби кўплаб турдаги саноати маҳсулотларини кенг намойиш этди.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Рес­публикасида 1 минг 294 та саноат корхонаси, жумладан, 25 та йирик корхона, 1 минг 269 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, учта корхонада импорт ўрнини босадиган  маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Масалан, Қораўзак туманида жорий йил бошида янгидан ташкил этилган “Gedeon Karauzyak” масъулия­ти чекланган жамиятида  аттракцион қурилмалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу  ярмаркада  корхона жамоаси 10 дан зиёд турдаги аттракцион жиҳозлари  билан қатнашди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги “Кардар” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонасининг металлдан ясалган турли эшик, тўсиқ ва панжаралари, истироҳат боғларига мўлжалланган ўриндиқлар, “Solar impulse” масъулияти чекланган жамияти тақдим этаётган қуёш энергияси ускуналари ва бошқа корхоналарнинг маҳсулотлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
– Ушбу ярмаркада “Энг кўп экспорт шартномаларини тузган тадбиркор” номинацияси бўйича ғолиб бўлдик, – дейди Қўнғирот туманидаги “Sardor export impex” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Орал Маматқулов. – Корхонамизда асосан ширинмиядан маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг асосий қисми экспорт қилинмоқда. Келгусида мева-сабзавот маҳсулотларини ўзимизда қайта ишлашни ташкил этмоқчимиз.
Тадбир давомида маҳсулот етказиб бериш бўйича кўплаб ўзаро келишувларга эришилди, икки томонлама манфаатли шартномалар тузилди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу саноат ярмаркаси тармоқларни янада тараққий эттириш, қулай ҳамкорлик ўрнатиш, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti”  мухбири.