Илғор тажрибалар ўз сўзини айтади

pilla

Сурхондарё вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ангор туманида Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилган “Huashen Silkworm Pro” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона лойиҳаси билан яқиндан танишиб, Сурхон воҳаси маҳсулдор ипак қурти парваришлаш учун қулай табиий иқлим шароитига эга эканини алоҳида таъкидлаб ўтганди.

Янги корхона мамлакатимиз енгил саноатини сифатли хомашё билан таъминлаш, воҳа аҳолиси учун янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталиб, керакли кўрсатмаларни берганди. Мазкур корхонанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 3 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этишга оид қарори эса бу борадаги ишлар кўламини янада жонлантирди.
Бу йил вилоятда пилла боқишнинг илғор Хитой технологияси жорий қилинди. Шу мақсадда айни кунларда Хитойдан 80 минг қути уруғ келтирилди. Мавсум бошланиши билан улар жойларга етказиб берилади. Ипак қурти  уруғларини жонлантириш учун 80 та инкубатория ташкил қилиниб, уларга малакали мутахассислар жалб этил­япти. Яна бир муҳим жиҳат, пиллачиларни моддий қўллаб-қувватлашнинг ҳам аниқ механизмлари яратилди. Эндиликда уларга бўнак тўловлари банкларда очилган ҳисобрақамлари орқали бевосита етказиб берилади. Маълумки, пиллачиликда озуқа база мустаҳкамлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мавжуд тутзорларни асраб-авайлаш, янги тут кўчатлари экишга соҳа вакиллари томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда. Мавжуд тутзорлар оралиғига, дала четлари ва ариқ ёқаларига 1 миллион 566 минг дона тут кўчатлари экилди. Шунинг 700 минг тупдан ортиғи Хитойдан келтирилди. Яна бир қувонарли жиҳат, келаси йил мавсумда пилла уруғлари вилоятнинг ўзида, “Huashen Silkworm Pro” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилиши  режалаштирилган.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.