Чорва озуқаси учун қайси экин маъқул?

Мамлакатимизда чорвачилик соҳаси йилдан-йилга ривожланмоқда. Унинг озуқа базасини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, энг аввало, ер майдонларидан тўғри фойдаланиш талаб этилади. Ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос ва ҳосилдор экинлар тури ва навлари танланади. Қолаверса, саноат асосида озуқабоп экинлар бирламчи уруғчилигини ташкил этиш лозим.

Республикамиздаги суғориладиган ерларнинг асосий қисми озуқабоп экинлар  етиштиришга яроқли бўлиб, асосий озуқа экинлари – беда ва маккажўхори етиштириш учун қулайдир. Қорамолчиликнинг сут йўналишида, булардан ташқари, хашаки лавлаги ҳам экилади. Чунки у парҳез озуқа ҳисобланиб, бошқа турдаги озуқаларнинг тез ҳазм бўлишида катта аҳамиятга эга.
Шўрланган ёки шўрланишга мойил бўлган ерларда эса маккажўхори ўрнига жўхори етиштириш самарали ҳисобланади. Жўхорининг “Қорабош”, “Оранжевое-160” навларини икки марта кўк ҳолида ўриб, молларга тўғридан-тўғри бериш мумкин. Силос учун эса “Ўзбекистон-1” навини экиш тавсия этилади. Уруғлик учун  “Ўзбекистон паканаси” навини экиш юқори самара беради. Чунки бу нав дон етиштириш учун қулай бўлиб, 80 центнергача ҳосил беради ва уни дон комбайнларида ўриб олиш мумкин.
Сўнгги йилларда қурғоқчилик ва шўрга чидамли бўлган янги экин тури – “Африка қўноғи” тавсия этилмоқда. Бу экин баҳорги ва ёзги экиш муддатларида ҳам яхши кўкпоя беради.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, юртимизда маҳаллий селекцияга мансуб юқори дон ва кўкпоя ҳосили берадиган маккажўхори дурагайлари мавжуд. Баҳорги экиш учун “Ўзбекистон 601 ЕСВ” дурагайи мос бўлиб, ундан 100 центнергача дон, 450 центнергача кўкпоя силоси олиш мумкин. Ёзги мавсумда экиш учун эса ўрта-тезпишар “Қорасув-350 АМВ” ва “Ўзбекистон 300 МВС” дурагайлари тавсия этилади. Уларнинг вегетация даври 90-92 кунни ташкил этади.
Шунингдек, беданинг “Тошкент-1”, “Тошкент-1728”, “Тошкент-2009” ва “Хива маҳаллий” нав­лари мавжуд бўлиб, улардан 180 центнергача пичан олинади. Яна бир муҳим жиҳати, беда туп­роқ унумдорлиги сақланишини ҳам таъминлайди. Маълумки, беда биринчи йили кам ҳосил беради. Шу сабабли, уни биринчи йили август ойида тритикале, арпа ёки бошқа донли экинлар билан қўшиб экиш лозим. Баҳорда жўхори ёки судан ўти билан қўшиб экилса ҳам юқори самара беради. Қашқарбеда эса шўрланган ерлар учун айни муддао бўлиб, унинг “Қибрай” нави  ёзда тритикале, сули билан, баҳорда эса сули билан қўшиб экилади. Қашқарбеда бир далада икки йил ўстирилади. У тупроқ унумдорлигини тиклаш бўйича бедадан қолишмайди.
Хашаки лавлаги етиштирилиши жиҳатидан мураккаб экин ҳисобланиб, унинг “Ўзбекистон нимқанди” ва “Ўзбекистон 83” нав­ларини экиш тавсия этилади.
Шунингдек, олимларимиз томонидан асосий озуқа экинларига қўшимча равишда оралиқ экинлар экиш ҳам тавсия этилади. Кузда тритикаленинг “Кумушсимон Праг”, арпанинг “Болғали”, сулининг “Ўзбекистон кенг барглиси”, хашаки нўхатнинг “Восток-55” навлари зарур миқдорда қўшиб экилади ва эрта баҳорда ўриб олинади. Уни сенаж тайёрлашда ҳам  ишлатиш мумкин. Кузги бошоқли дон экинларидан кейин улар анғизида маккажўхоридан ташқари, қандли жўхорининг  “Қорабош”, Африка тариғининг “Хашаки-1” навларини етиштириш тавсия этилади.
Мамлакатимиз селекционерлари мустақиллик йилларида маккажўхори, беда, тритикале, хашаки нўхат ва жўхорининг дурагайларини яратдилар. Улар маҳаллий шароитларга мос бўлиб, ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичлари бўйича хорижникидан мутлақо қолишмайди.
Юқори сифатли уруғликларнинг мунтазам етиштирилиши эса озуқа экинлари майдонларининг кенгайишини, ҳосилдорликнинг ошишини таъминлайди.

И.МАССИНО,
Р.ТИЛЛАЕВ,
қишлоқ хўжалик фанлари докторлари.