ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ “КЎК КИТ” ДОМИДАН АСРАНГ

Ҳар бир халқнинг ўз менталитети, қадрияти, урф-одатлари бор. Улар бизга ўша халқнинг одоб-ахлоқи, тутуми ҳақида маълумот олиш имконини беради. Шунинг учун ҳам бу каби маданий мерослар ардоқланади, миллат характерини асраб қолишда бош омил вазифасини ўтайди. Шу боис ҳам инсон онгини бўйсундиришга уринишлар дунёда тез-тез учраб туради.

Кейинги вақтларда интернет тармоқларида пайдо бўлган ёшлар онгини заҳарлаб, якуни фожиали оқибатларга олиб келувчи “Кўк кит” ўйини барчамиз учун огоҳлик қўнғироғи бўлди. Биз унинг мудҳиш оқибатларидан  ўз вақтида хабар топдик. Бу онгни масофадан туриб бошқариш, ўсмирларни “манқурт”га айлантиришнинг авжи нуқтасидир. Аҳамият берсангиз, мазкур ўйин асосан МДҲ мамлакатларида оммалашди. Шу ўринда табиий савол туғилади: “Кўк кит” нега айнан ушбу давлатлар ҳудудида кенг тарқалди?
Халқимиз фарзанд тарбиясига, хусусан, унинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб улғайишига жиддий эътибор берган. Уларнинг қалбига мардлик, аҳдга садоқат каби тушунчаларни чуқур сингдириб келган ва бу каби эзгу фазилатларни шакллантириш кучайса кучайяптики, асло камайгани йўқ. Тутуми, менталитети, ҳаёт тарзи, урф-одатлари бир-бирига яқин бўлган МДҲ мамлакатлари халқларида ҳам бу хусусиятлар устувор саналади.
Ушбу ўйин асосчилари инсон онгини бўйсундиришда, уларни масофадан туриб бошқаришда халқимизга хос бўлган мардлик, жасорат, аҳдга садоқат каби эзгу фазилатлардан  ўз  ғаразли ниятларини амалга оширишда фойдаланишга уринмоқда.
Дарҳақиқат, йигирма биринчи асрга келиб инсон онгини заҳарлаш, шу орқали халқнинг дунёқарашини ўзгартириш, ҳаётга муҳаббатини сўндириш, одоб-ахлоқ тушунчаларини бузишга уриниш авж олди. Ачинарлиси, унинг гирдобига кириб қолганлар тақдири мудҳиш якун топмоқда.
Шундай экан, фарзандларимизни бундай ёвуз таҳдидлардан асраш, уларни эл корига ярайдиган, ватанпарвар, зукко ва билимли қилиб тарбиялашга янада жиддий эътибор қаратиш муҳимдир. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.
… Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбия­лашимиз лозим.

Баҳодир ҲАЛИМОВ