ГУЛЗОР ОРАЛАБ КЕЛИНГ

4_gul

Наманган вилояти

Наманган вилоятида бошқа соҳалар қаторида гулчиликни ривожлантириш, кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда вилоятининг ҳар бир туманида замонавий ландшафт дизайни асосида гулзорлар, хиёбонлар яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Ушбу дастурда ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотларга гул кўчатлари етиштириш бўйи­ча аниқ вазифалар юклатилган бўлиб, биргина Наманган шаҳрида тўрт фаслда очилиб турадиган голланд навли бир миллион икки юз минг дона гул кўчатлари етиштириш ва экиб парваришлаш режаси  белгиланди.
–  Наманган шаҳрида бўлиб ўтадиган 57-анъанавий гул байрамига муносиб тайёргарлик кўриш учун умумумий майдони 1600 квадрат метр бўлган 8 та иссиқхонада Голландиядан келтирилган энг сара тур – петуния, катарантус, левинизм, вербиния, зиния, тагитес гул кўчатларини етиштирдик, – дейди Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Акрамжон Йўлдошев. – Шунингдек, шаҳримиз учун янгилик бўлган гамфирин, гайлардия, акатлия каби гул уруғларини сепиб, меҳр билан парваришлаб, олти минг дона кўчатларни экиш учун тахт қилиб қўйдик. Бундан ташқари, гул кўчатлари етиштириш билан шуғулланиб келаётган “Наманган гуллари савдо сервис” ва “Водий кўкаламзор сервис” МЧЖлар ва Наманган шаҳридаги корхона ва ташкилот, муассасалар иссиқхоналарида тўрт миллион донадан кўпроқ маҳаллий гуллар ва тўрт хилдаги райҳон кўчатлари парваришланяпти.
“Кўклам – меҳнат билан кўркам” дея бежиз таъриф беришмаган. Наманганни янада обод ва хушманзара шаҳарга айлантириш йўлида астойдил бел боғлаган бош­қарманинг беш юз нафардан кўпроқ аҳил жамоаси саъй-­ҳаракатлари билан қисқа фурсат ичида 150 гектар майдон кўкаламзорлаштирилди, 200 километр узунликдаги сув йўллари равонлаштирилди. Айни кунларда 3400 туп  каштан, қрим соснаси, лола дарахти ниҳолларини экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Наманган аҳли саришталикка ошно тутинган, фариштали, нияти оқ, иймони пок, яшиллик шайдоси, гулсевар инсонлардир. Наманган тажрибаси сифатида мамлакатимизда кенг қўлланилаётган, бетакрор санъат асари даражасида тайёрланиб, ўрнатилаётган металл конструкцияларга экилган гулларнинг таровати бугун шаҳар кўчалари, хиёбонлари, истироҳот боғлари файзига янада файз қўшмоқда.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.