«Nargiza teks»нинг илдам одимлари

2_jizzax

Жиззах вилояти

Ғаллаорол туманидаги “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш имкониятлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилда мавжуд 161 дона тикув машиналари қувватидан самарали фойдаланиб, қиймати 1 миллиард 276 миллион сўмлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

– Жорий йилда 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилишни мўлжаллаяпмиз, – дейди корхона раҳбари Сардор Эгамқулов. – Жумладан, мутахассисларимиз Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлишиб, қиймати 250 минг АҚШ доллари бўлган маҳсулотни экспорт қилиш бўйича шартнома тузишди. Шунингдек, Москва ва Дубна шаҳарларида савдо уйлари очдик. Ушбу савдо уйларига 750 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларни етказиб бериш кўзда тутилган. Қолаверса, йил сўнгигача 6 турдаги 400 дона замонавий тикув, бичув ва нақш солиш ускуналарини келтирмоқчимиз.
Жинси матодан кийим-кечак ишлаб чиқариш устида ҳам иш олиб боряпмиз. Лойи­ҳамиз амалга ошиши билан кунига 5 минг дона ана шу турдаги маҳсулотларни тайёрлаш имконига эга бўламиз. Дастлаб, хомашё Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан келтирилади. Ўз навбатида, бу турдаги маҳсулотимизнинг 97 фоизи экспортга йўналтирилади. Аниқроғи, кийим-кечаклар Италия, Голландия ва Россияга сотилади. 2019 йили Бухоро ва Самарқандда жинси мато ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ишга туширилганидан сўнг хомашёни юртимиздаги корхоналардан ола бошлаймиз.
Жорий йилда корхонада сифат лабораторияси фаолия­тини йўлга қўйиш ҳамда автоматик бошқарув тизимини жорий этиш чоралари кўриляпти. Лаборатория хомашё ва тайёр маҳсулот сифатини назорат қилиш имконини берса, автоматик бошқарув тизими иш самарадорлигини ошириш ва вақтдан унумли фойдаланишга хизмат қилади. Ушбу  технологик  ўзгаришлар иш ўринлари сонининг яна 80 тага ортиши учун омил бўлади.
– 2015 йилда туманимиздаги саноат касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналишини тамомлаб, ушбу корхонага ишга кирдим, – дейди ишчи Зилола Хўжабекова. – Қисқа муддатларда соҳа сирларини ўзлаштириб олдим. Айни вақтда дизайнерликни ўрганяпман. Бу ерда тажриба орттирганимдан сўнг, банкдан кредит олиб, мустақил фаолиятимни йўлга қўйиш ниятим бор.
Айни вақтда туманда 10 та катта-кичик енгил саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда улар сафи янада кенгаяди. Жумладан, ҳудудда 30 миллиард сўм сарфланиб, “Сангзор текс­тиль” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўрилаётир. Ушбу корхонада шу йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб ип-калава ишлаб чиқаришга киришилади. Кейинги йилдан газлама тайёрлаш йўлга қўйи­либ, 150 иш ўрни яратилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.