Қадримиз баланд, қаддимиз янада тик бўлди

Тошкент вилояти

Бу Наврўзда 92 баҳорни қарши олдим. Баҳор неъматларини кўзга суртиб, шукрона айтдим: шундай доруламон кунларга етдик. Кеча эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонини эшитиб, қалбим янада чексиз қувончга тўлди.

Гап фақат моддий рағбатда эмас, балки эътибордадир. Зеро бугунгидек фаровон ҳаётни биз ҳали кўрмаганмиз. Шундай лаҳзаларда беихтиёр кечаги кун билан бугунни қиёс этамиз. Кўп даврларни кўрдим. Очарчиликлар, қийинчиликлар, юртнинг оғир кунларини кўрдим. Иккинчи жаҳон уруши тарихдаги энг қирғинбарот ва мудҳиш уруш сифатида инсоният бошига бемисл кулфат ва талафотлар келтирди. Унда бир ярим миллиондан зиёд ўзбекистонлик иштирок этиб, уларнинг беш юз минг нафари фашист босқинчиларига қарши жангоҳларда ҳалок бўлди. Қанчадан-қанча юртдошларимиз майиб-мажруҳ бўлиб қайтди. Юртимизда бирор хонадон ёки оила йўқки, мана шу урушнинг жабрини бошидан ўтказмаган бўлса…
Айни шу лаҳзаларда эса бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз қандай қийинчилик ва синовлар эвазига қўлга киритилганини яна бир бор юракдан ҳис этдим. Истиқлол юртимизга яшнаш, яшариш ва бунёдкорлик олиб келди. Одамларимизнинг онгу шуури ўзгарди. Улар бугун оилани, юртни обод этиш, бунёдкорлик ҳисси билан яшашмоқда. Одамларнинг эртанги кундан кўнгли тўқ, шу боис, меҳнати завқли, шижоатли, кўркам ҳаёт кечирмоқда. Энг асосийси, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Қўлимизни қаёққа узатсак етади. Айниқса, фарзандларимизга яратилаётган шароитни кўриб, дилим яйрайди. Бизлар кўрмаган кунларни улар кўряпти. Таълим, спорт соҳасида улар эришаётган ютуқларни айтмайсизми? Ёшларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шароит келажагимизнинг янада ёруғ бўлишига замин яратади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бун­ёдкорлик ишларини санаб адоғига етиш қийин. Айни пайтда юртимизнинг қай гўшасига борманг, катта бун­ёдкорликнинг гувоҳи бўласиз. Кўркам, қулай, замонавий уй-жойлар юртимиз жамолига ҳусн қўшмоқда. Қишлоқларимизда бир биридан чиройли, шинам гузарлар, савдо ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари, турар-жойлар барпо этилмоқдаки, шаҳардан қолишмайди. Замонавий мактаб ва коллежлар, равон йўл ва обод кўчаларни кўриб дилингиз яйрайди.
Буларнинг барчаси мус­тақилликнинг, юртимиздаги тинчликнинг шарофатидан. Шундай доруламон кунларга етказганига шукрона айтаман. Фарзандларимизга қайта-қайта уқдиришдан, таъкидлашдан чарчамайман: бу кунларнинг қадрига етинглар.
Мустақиллик йилларида бугунги ёруғ кунлар учун жонини қурбон қилган инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафимизда соғ-омон юрган, навқирон авлодимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Президентимизнинг фармони ҳам айни шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Илоҳим, юртимиз доимо тинч, осмонимиз мудом мусаффо бўлсин! Халқимиз бахтига ҳеч қачон кўз тегмасин, деб биз, нуронийлар дои­мо дуодамиз.

Камол бобо РИХСИБОЕВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Янгийўл тумани.