Кооперация алоқалари янада кенгайди

3_sirdaryo

Сирдарё вилояти

Гулистон шаҳрида вилоятдаги саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Унда ҳудудда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар билан бирга, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, Тошкент шаҳри ва бош­қа вилоятлардан жами 200 га яқин корхона мингдан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этди.
Кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, сифати кафолатланган, чиройли,  ўқув даргоҳлари, шифохона, хонадон ва офисларга мўлжалланган қаттиқ ҳамда юмшоқ мебеллар, уй жиҳозлари, гилам ва трикотаж буюмлари, машинасозлик ускуналари, халқ истеъмоли моллари, турли-туман қурилиш маҳсулотлари, полиэтилен қувурлар, парфюмерия товарлари, қандолат, озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этилди.
– Ярмаркага Самарқанд шаҳридан келдик, – дейди “GOLD BREND MEBEL” корхонаси рек­лама бўлими менежери Темур Шукуров. – Корхонамизнинг ўқув даргоҳлари, офислар, хонадонларга  мўлжаллаб чиқараётган мебеллари харидоргир. Ярмаркада 15 дан ортиқ буюртмага шартнома имзоладик.
Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар маҳсулот харид қилиш юзасидан шу ернинг ўзида шартномалар тузишди. Вилоят иқтисодиёт бош бош­қармаси, тижорат банклари ва бош­қа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатди. Ярмаркага чиқарилган товарларнинг ўндан ортиғи янги турдаги маҳсулотлар эканлигини  алоҳида тилга олиш  жоиз.
– Мазкур ярмарка биз, тадбиркорлар учун маҳсулотимизни намойиш этиш ва мижозлар сонини ошириш, ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини мус­таҳкамлашда қулай имконият­лар яратмоқда, – дейди “Сайхун бунёдкор қурилиш” хусусий корхонаси менжери Бекзод Ниёзов. –  “Микрокредитбанк”нинг вилоят филиалидан 39 миллион сўм кредит олиб, корхонамизга замонавий технологиялар ўрнатгандик. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз барчага  манзур бўляпти. Шу боис корхона филиалини Гулис­тон  шаҳрида ҳам  очдик.  Тайёрланаётган эшик ва ромларимиз сифати,  бежиримлиги ва  арзонлиги боис уларга қўшни вилоят­лардан ҳам харидорлар кўп. Корхонамизда 9 киши меҳнат  қиляпти, уларнинг  5 нафари касб-ҳунар коллежларини  тамомлаган ёшлардир. Кўргазмада 10 дан ортиқ шартномалар имзолашга эришдик.
Ярмаркада корхона ва ташкилотлар, муассасалар, хўжалик юритиш субъектлари  кўплаб шартномалар имзолаш ва маҳсулот харид қилиш имкониятига эга бўлди. Ҳудудий саноат ярмаркасида саноат маҳсулотлари хариди ва ҳамкорликка оид  11,5 миллион АҚШ долларилик  ҳамда  175,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.