Қатрасида ҳаёт нафаси бор

Фарғона вилояти

Сувдан самарали фойдаланиш, унинг ҳар томчисини қадрлаш фермерлар фаолиятининг муҳим йўналишига айланмоқда.

Мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш борасида изчил чоралар амалга оширилмоқда. Соҳага кўрсатилаётган алоҳида эътибор самарасида ўтган йиллар мобайнида юртимизда мавжуд сув ресурсларини бошқариш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларини обиҳаёт билан узлуксиз таъминлаш имконини берадиган кучли сув хўжалиги тизими яратилди.
Жойларда қатраси гавҳарга тенг обиҳаётдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларга белгиланган миқдорда етказиб берилиши, сув ресурс­ларидан тегишли тартиб-­қоидаларга риоя этган ҳолда фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни таъминлаш муҳим вазифалар сирасига киради. Ҳамма нарсанинг, шу жумладан, обиҳаётнинг ҳам ҳисоб-китоби бўлгани яхши.
Табиийки, сув захираларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилади. Буни инобатга олган ҳолда  соҳада сувнинг аниқ ҳисоботини юритиш ниҳоятда муҳимдир. Демакки, жойлардаги барча сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг сув олиш нуқталаридаги гидротехник иншоотлар доимий равишда талабга жавоб бериши лозим. Охирги йилларда жойларда сувнинг тарозуси ҳисобланмиш – сув ўлчаш иншоотларининг техник ҳолатига, улар орқали сувнинг аниқ ҳисоботи юритилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилояти “Сувназорат” инспекцияси томонидан деҳқончилик мавсуми бош­ланиши олдидан ўтказилган семинарларда айни шу жиҳат ҳақида сўз борди. Тадбирлар Фарғона, Бағдод, Қува, Фурқат, Бешариқ туманларининг бир қатор фермер хўжаликларида ташкил этилди.
Уларда таъкидланганидек, вилоятда  сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бирламчи сувдан фойдаланувчилар, ирригация тизимлари бошқармалари ҳамда фермерлар ўртасидаги шартномавий муносабатларнинг изчиллигини таъминлаш мақсадида самарали ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши сувга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирмоқда. Экинларни суғориш, сувдан тежамли фойдаланишда илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Тадбирлар давомида соҳа мутахассислари жойларда бўлишиб, машғулотлар, ўқувлар ўтказишди. Бу эса, ўз навбатида, фермерларнинг сувдан фойдаланишдаги муаммоларини ҳал қилишга, тажрибаларини оширишга мадад бўлди.
Тадбирларда баъзи фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан ўзига қарашли суғориладиган майдонларни суғориш мақсадида ҳудуддаги СИУга сувларни истеъмол қилиш бўйича буюртманома (талабнома) бермасдан, обиҳаётдан ўзбошимчалик билан фойдаланилгани, шунингдек, гидротехник иншоотларнинг носоз аҳволи туфайли сув исрофига йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Бу ҳолатлар бўйича яъни қонунбузилишларнинг олдини олиш ва унга имкон яратиб бераётган шароитларни бартараф этиш бўйича тушунтириш ва профилактика ишлари олиб борилди.
– Гоҳида сувнинг қадрини билмаймиз, ундан фойдаланишда ўзибўларчиликка йўл қўямиз, – дейди Фурқат туманидаги “Валеахт” фермер хўжалиги раҳбари А.Фармонов. – Ушбу тадбирда унинг томчиси зарга тенг эканлигини, бу неъматнинг муқобили йўқ эканлигини англаб етдик. Шу мақсадда мутахассислар билан тажриба алмашганимиз айни муддао бўлди. Шунингдек, семенарларда олган таж­рибаларимиз айни кунлардаги агротехник тадбирларни самарли ўтказишда ҳам қўл келади. Ўзаро мулоқотлар, учрашувлар, ўтказилаётган семинар-тренинглар сувнинг қадри, ундан самарали фойдаланиш ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитмоқда.
Тадбирлардаги асосий хулоса шу бўлдики, жуда кўп нарсанинг иложини топган инсон обиҳаётнинг муқобилини топиши душвор. Мутахассислар вақт ўтгани сайин нефть ва газ захиралари тугашини таъкидлашмоқда. Балки уларнинг ўрнини муқобили – қуёш, шамол, биогаз каби энергиялар эгаллар, аммо бир неъматнинг – сувнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Шундай экан, унинг ҳар қатрасини зар билиш, ундан фойдаланишда эътиборни ошириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Шуҳрат АБДУСАМАТОВ,
Фарғона вилояти “Сувназорат” инспекцияси бошлиғи.