ОБИ-ТОБИДА ҚАДАЛГАН УРУҒ

КЎЗЛАНГАН ¥ОСИЛНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ШАРТИДИР

Шу кунларда пахтакорлар чигит экиш ишларига киришмоқдалар. Бу тадбир ўз вақтида ўтказилса, чигитни тупроқнинг табиий намига ундириб олиш мумкин бўлади. Шунда ғўзалар эртаки бўлади. Чигит экишни оз бўлса-да ортга суриш ғўза учун жуда муҳим бўлган иссиқлик чегарасини олишни қўлдан бой беришдир. Унинг ўрнини эса ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Натижада кўсаклар очилиши кечикади, ҳосил кам бўлади. Чигитнинг бехато ва бир текис униб чиқишининг эса омиллари кўп.

Улардан бири ернинг яхши текисланган бўлишидир. Боиси, яхши текисланган дала эгатларини сув босмайди, тупроқ бир текис намланади. Экишдан олдин ерни бороналаш муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Бунда тупроқ юзаси юмшаб, майинлашади, туп­роқ ҳайдалма қатлами ҳавоси алмашинади, ернинг юза қисмидаги бегона ўтлар йўқолади.
Мутахассислар фикрича, боронани соатига 7-8 километр тезликда ишлатиш зарур. Тезлик бундан ошса ёки камайса иш сифати бузилади. Ушбу тадбирни ўтказиш учун даладаги тупроқ намлиги дала сиғимига нисбатан 50-60 фоиз бўлиши керак. Аммо қумоқ тупроқли ерларда нам бундан юқори бўлса ҳам бороналаш тадбирини ўтказиш мумкин. Ернинг юза қисми қуруқ бўлса, бороналаш вақтида фақат кесак кўчади. Шу боис, дала намлик сиғимини эътибога олиш зарур. Бороналаш чуқурлиги эса боронани тракторга улашга боғлиқ. Яъни тракторга узун масофада уланса, тупроқ чуқур, калта уланса, юзароқ тарзда бороналанади.
Шўрланган ерларга, одатда кузги шудгор олдидан ўғит берилмайди. Чунки бундай далаларнинг қишда шўри ювилади. Шу боис, экишдан олдин уларга маълум меъёрда фосфорли ва калийли ўғит берилади.
Ниҳолнинг барвақт ва бир текис униб чиқишида чигитни пушта усулида экиш тажрибаларда яхши самара бермоқда. Пушта олинган далалар тупроғининг устки қисмида ҳарорат текис далага нисбатан 2-3 даража ортиқ бўлади, ҳосил гектардан 3-4 центнер кўп тўпланади ва пахта 7-8 кун олдин пишади.
Чигитни намлаш махсус бетонланган майдончаларда амалга оширилади. Уларнинг бўйи 5-6, эни 2,5 метр, баландлиги эса 30-35 сантиметр катталикда бетонланган бўлиши лозим. Бунда намлаш вақтида сув оқиб кетиши олди олинади. Чигитни намлашда унинг қалинлиги 20-25 сантиметрдан ошмаслиги зарур. Намлаш уч босқичда – 3-4, 4-5 ва 5-7 соатда ўтказилади. Ҳар босқичда 200 литр­дан сув сарфланади. Жами бир тонна тукли чигитга 600 литр сув сарфланади ҳамда чигитни тўлиқ ва сифатли намлашга эришилади. Намланганидан кейин чигитни сақлаш муддати 12 соатдан ошмаслиги керак. Яхши тайёрланган чигит 5-6 кунда униб чиқади.
Чигит экиладиган майдонда намлик мақбул даражада ва туп­роқ қатламида ўртача кунлик ҳарорат 12-14 даража бўлиши керак. Исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун кундалик чигит экиш режаси тузилади ва, шунга мувофиқ, об-ҳаво шароитига қараб, зарур миқдордаги уруғ намланади. Тайёрланган уруғ ўз вақтида экилмай қолса, унинг сифати бузилади ва яроқсиз ҳолга келади. Чигит экишнинг энг мақбул чуқурлиги ўтлоқ-ботқоқ тупроқли майдонларда 3-4, бошқа турдаги тупроқ шароитида 4-5 сантиметр қилиб белгиланади. Ҳар бир майдоннинг хусусияти, табиий-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда сеялка созланади. Масалан, 90 сантиметрли қатор оралиғида экиладиган майдонда қаторнинг ҳар погон метрида 8-9 уя бир хил оралиқда жойлашадиган қилиб созланади ва бу меъёр текшириб борилади. 60 сантиметрли кенгликда экиладиган майдонда эса 6-7 уя бир хил оралиқда жойлаштирилади. Тукли чигит экиладиган далада, аввало, намланган уруғлик сеялка ускуналарига солинади ва ҳар бир сошник тагига идиш қўйилиб, ғилдираклари бир-икки марта айлантирилади.
Ҳар бир сошникдан белгиланган миқдорда уруғ туша бошласа, билингки, сеялка тўғри созланган бўлади. Чигит экиш олдидан ишлов беришнинг асосий вазифаси, чигитни ернинг табиий намига ундириб, эртаки, тўлиқ ва соғлом кўчат олиниши учун қулай шароит яратишдан иборат. Бунинг учун энг аввало, эрта баҳорги бороналашни ўз вақтида (1-2 кун ичида) ва сифатли ўтказиш керак. Уруғлик чигит экишда унинг сифатига, катта-кичиклигига қараб, экиш меъёрини аниқлаш мақсадга мувофиқдир. Юқори тукли чигитларни экиш меъёри тупроқ-иқлим шароитига қараб гектарига 50-60, кам тукли чигитларда 30-35, туксиз чигитларда 25-30 килограммни ташкил этиши лозим. Баҳорги ёғингарчиликда қатқалоқ юзага келиши оқибатида ғўза илдиз чириш касаллигига чалинса, кўчат меъёридан камайиб кетади. Шундай майдонларда қўлда чигит ташланиб, хатоси тузатилади.
Юқорида кўрсатилган агротехник тадбирлар қисқа муддатда бажарилса, шубҳасиз, ғўза ривожи тезлашиб, пайкалларда мўлжалдаги ҳосилни тўплашга эришилади.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори.