ЎТТИЗ МЕТРЛИК ЛОЛА

lola

Ўттиз метрлик лола ҳақида эшитганмисиз? Балки уни кўрган ҳамдирсиз. Унинг асл ватани Шимолий Америка. У 250 йиллик умри давомида тинмай кўкка бўй чўзади. Шу йиллар давомида танасининг диаметри 2 метрга етади. Улкан дарахтга айланади. Ушбу улкан дарахт худди лола каби гуллайди. Шунинг учун ҳам уни “лола дарахти” атамаси билан фанга киритишган.

Тўрт фаслда ҳам ўз жозибасини йўқотмайдиган ушбу ноёб тур магнолиялар оиласига мансуб. Уни америкаликлар сариқ дарахт, деб аташади.
Жозибадор гул ва япроқлари билан кўзни қувнатувчи мазкур дарахтни кўпайтириш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларида фойдаланиш юртимизда ҳам яхши йўлга қўйилган. Тошкент Ботаника боғида унинг 25 метргача етганларини учратиш мумкин. Қолаверса, пойтахтимиз ва вилоятлар марказларида барпо этилаётган хиёбонлар, сайргоҳларда ҳам лола дарахти кўчатлари ўтқазилмоқда. Фақат улар 30 метрга етгунича кўп йиллар керак бўлади. Бу дарахт нафақат чирой бахш этади, балки ёғочидан хўжалик маҳсулотларида ҳам фойдаланилади. Тегирмон ғилдираги, овоз ўтказмайдиган буюмлар ясалади. Ундан олинадиган маҳсулот қоғоз саноатида ҳам ўз ўрнига эга.
Лола дарахтининг яна бир ажойиб хусусияти бор. Унинг гуллари асаларилар учун “хазина”нинг ўзгинаси. Бир тупининг ўзидан бир килограммдан ортиқ жуда хушбўй ва шифобахш асал олиш мумкин.
Унинг Хитойда учрайдиган тури ҳам мавжуд. Фақат бўйи 15 метрдан ошмайди. Ҳар хил манзарали шаклларга кириши билан ажралиб туради.

Гавҳар МАҲМУДОВА,
Хадича НАБИЕВА,
Тошкент давлат аграр университети аcсистентлари.