Ҳамалнинг ҳар фурсати қадрли

Бошоқли дон экинларини апрель ойида парваришлаш, яъни ўсимликнинг найчалаш  ҳамда бошоқлаш босқичларида олиб бориладиган чора-тадбирларнинг ўз муддатида, белгиланган тартибларда амалга оширилиши юқори ва сифатли ҳосил олишга мустаҳкам замин яратади.

Бу йилги об-ҳаво шароити ғалла ривожини бироз кечиктирди. Шунинг учун агротехник парваришни тезлаштириш зарур. Аввало, учинчи озиқлантиришни майсалар ҳолатига қараб, 7-10 кун олдинроқ бошлаш керак. Ўғитдан сўнг пешма-пеш суғориш ташкил этилади. Ривожи орқада қолаётган майдонларга алоҳида эътибор зарур. Суғориш, албатта, “шарбат” усулида олиб борилади ва қўшимча 100 килограммдан азотли ўғит берилади. Айрим сабаблар билан озиқлантирилмаган майдонлар бўлса, зудлик билан озиқлантириш ва суғориш лозим. Суғориш, “шарбат” усулида, гектарига 5 тоннадан гўнг бериш ҳисобига амалга оширилади. Майсаларни қўшимча камида 2 марта барги орқали озиқлантириш яхши самара беради. Бунда гектарига 25 килограмм физик ҳолда карбамид эритмасини тайёрлаб, 600 литр сувда эритиб, 2 гектар майдонга сепиш лозим. Ушбу тадбир амалга оширилса, ўсимликнинг барги қалинлашади, фотосинтез жараёни жадаллашади, ўсимликнинг касалликларга чидамлиги ортади. Ҳосилдорлик 5-6, доннинг технологик сифат кўрсаткичлари 2-3 фоизга ошади. Барг орқали озиқлантиришда биопрепаратлардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Масалан, гумимакс препаратларидан гектарига 0,3 литр меъёрда 300 литр сувга қўшиб тайёрланган сувли эритмаларни ишлатиш мумкин.
Кўп йиллик кузатувлар шуни кўрсатдики, эрта муддатларда экилган ғалла майдонларида майсалар бошоқлаш босқичига ўтиш апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида юз беради. Ғалла бошоқлагандан 10 кун кейин азотли ўғит билан озиқлантириш тавсия этилади. Бунда гектарига 100 килограмм азотли ўғитни  аммиакли селитра ҳолатида солиш яхши самара беради. Озиқлантиришдан сўнг пешма-пеш енгил суғориш лозим.
Баҳорнинг серёғин келиши, ҳароратнинг паст бўлиши ғаллазор­ларда занг ва бошқа касалликлар, зараркунандаларнинг кўпроқ тарқалишига сабаб бўлади. Айниқса, касалликлардан ун шудринг, септориоз, сариқ ва қўнғир занг касалликлари ғалла ҳосилига жиддий таъсир этади. Уларга қарши эртароқ кураш чоралари олиб борилмаса, ҳосилнинг 45-50 фоизи йўқотилиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, зудлик билан кимёвий профилактик ишлов ўтказиш зарур. Буни, айниқса, эрта муддатларда экилган майдонларда умуман кечиктириб бўлмайди.
Сариқ занг барг қини, барг, поя, бошоқча қипиқлари ва бошоқ қилтиғини зарарлайди. Ўсимликнинг зарарланган қисмларида лимон рангига ўхшаш сариқ, майда йўл-йўл бўлиб жойлашган пус­тулалар ҳосил қилади. Улар эса замбуруғнинг уредоспоралари билан тўлган бўлади. Замбуруғ пустулалари ўсимлик баргининг устки ва пастки томонида барг нервацияси орасида 9-10 см. узунликда сариқ чизиқ шаклида жойлашади.
Кузги буғдой қалин экилган бўлса, куздан бошлаб сариқ занг билан касалланиши мумкин. Эрта баҳорда, энг аввало, буғдойнинг пастки барглари, гуллаш босқичида эса тепа барглари касалланади. Агарда буғдой бошоқчалари касалланса, дон пуч бўлиб қолади. Касаллик эрта тушса, ҳосилдорлик кескин камайиб кетади.
Қўнғир занг касаллиги эса энг кўп тарқалган касаллик бўлиб, буғдой барги ва барг қинини зарарлайди. Асосан, буғдой тупланиш босқичида пайдо бўлиб, гуллаш ва сут пишиш даврида кучайган бўлади. Кучли зарарланган буғдой барглари бужмайиб, қурийди. Бошоқдаги донлар миқдори камайиб кетади.
Ун шудринг касаллиги билан ўсимлик барги, барг қини, пояси, ҳатто, айрим ҳолларда бошоқ ҳам зарарланиши мумкин. У буғдой униб чиқиш босқичида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Касаллик тушса, буғдой баргларидаги хлорофил ўз хусусиятини йўқотади, транспирация кучаяди, ўсимлик пояси нозиклашиб, ётиб қолади.
Зараркунанда ҳашаротларга қарши ҳам самарали кураш олиб бориш зарур. Улардан бири зарарли хасва бўлиб, буғдой ва арпа поялари, бошоғи ширасини сўриб олади. Натижада экинларнинг айрим поялари нобуд бўлади ёки поя шикастланиши натижасида ҳосил камайиб кетади. Хасва пояни кечроқ зарарласа, ундаги дон пуч ва оқсили кам бўлиб қолади. Бундай дондан тайёрланган нон эса сифатсиз, хамири ёпишқоқ бўлади.
Хасва зарарлаган майдонларда уруғлик доннинг униб чиқиши 50 фоизгача камаяди. Зарарли хасва бир йилда бир марта авлод беради. У вояга етган ҳолда асосан тоғларда, тошлар ёки ўсимлик­лар остида қишлайди. Март-апрель ойларида қишлов жойларидан чиқиб, экин далаларига ёпирилади.
Шиллиқ қурт (пьявица) қўнғизлари эса ўсимликлар баргини кемириб, узунчоқ тешикчалар ҳосил қилади, личинкалари арпа, сули ва буғдойни кучсизроқ зарарлайди.
Қурғоқчилик йилларида пьявица ҳосилга кучли салбий таъсир кўрсатади. Ҳосилнинг 50 фоизи йўқотилиши мумкин. Зараркунанда қўнғизлари март охири, апрель бошларида экинларга тарқалади ва тахминан икки ҳафтадан кейин урғочи қўнғизлар арпа, баъзан буғдой баргларига тухум қўйишга киришади. Тухумини 1 ёки 3-7 тадан қатор қилиб қўяди. Битта қўнғиз 200 тагача тухум қўяди. Пьявица йилига бир марта авлод беради.
Зараркунандалардан яна бири ғалла арракаши бўлиб, у тушган ғалла экинларининг ҳосили камаяди, доннинг сифати пасаяди (пуч бўлиб қолади). Зарарланган поялар шамолда ва ўрим-йиғим даврида шикастланган жойидан синиб кетади.
Ғалла арракаши арпа, буғдой поясининг остки қисми ичида личинкалик даврида қишлайди. Кўкламда шу ернинг ўзида ғумбакка айланиб, апрель ойининг учинчи ўн кунлиги бошида учиб чиқа бош­лайди. Учиш май охири ва июнь ойининг бошигача давом этади. Тез орада арракаш ғалла поясининг юқори бўғини оралиқларидан бирида пояни арралаб тешиб, унинг ичига 50 тагача тухум қўяди.
Замбуруғли касалликларга қарши гектарига “Дуплект ТТ” 22,5 фоизли (0,3-0,5 л), “Титул ДУО” 26 фоизли (200-300 л), “Консул” 22,5 фоизли (0,75 л), “Торсо” эм.к. (0,3-0,5), “Рекс ДУО” (0,4-0,6 л), “Альтосупер” 33 фоизли (0,3 л), “Этоликур” 22,5 фоизли (0,3-0,5л), “Уредоцин” 22,5 фоизли (0,3-0,5 л), “Химпакт” 35 фоизли (0,2-0,4 л) ­меъёр билан 200-300 литр сувли ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш яхши самара беради.
Бошоқли дон экинларининг асосий зараркунандаларига қарши курашда гектарига “Децис” 2,5 фоизли (0,25 л), “Багира” 20 фоизли (0,2-0,3 л), “Атилласупер” 10 фоизли (0,1 л), “Далатэ” 5 фоизли (0,15-0,2 л), “Сумитион” 50 фоизли (0,6-1,0 л), “Агрофос Д” 55 фоизли (0,5 л) меъёрда 300 литр сувли ишчи эритма тайёрлаб, ишлов берилиши мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, ғаллазорларда учрайдиган бегона ўтларга қарши ҳам ўз вақтида ва сифатли курашиш зарур. Бегона ўтлар ғалла ҳосили ва унинг сифатига жиддий зарар келтиради. Шунинг учун уларга қарши курашиш асосий тадбирлардан ҳисобланади. Майдонларда озиқлантириш ҳамда суғориш ишлари амалга оширилгач, ғалла билан бирга 1-2 йиллик бегона ўтлар ҳам ривожланади. Уларга қарши тури ва сонига қараб гектарига “ЭнТопик” (0,3-0,4 л), “Атлантис Стар” 25 фоизли (15-20 гр), “Далслак” 8 фоизли (0,3 л), “Биостар” 75 фоизли (10-20 гр), “Далстар” 75 фоизли (10-20 гр), “Хуссар” 5 фоизли (0,05-0,1 гр), “Пик” 75 фоизли (15-20 гр), “Тайфун” 75 фоизли (15-20 гр), “Энтосупер” 75 фоизли (0,6-0,8 л) каби гербицидлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Ғаллазорлар март ойининг учинчи ўн кунлигида касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар билан ишланган бўлса, апрель ойида, яъни 20 кундан сўнг иккинчи марта яна шундай ишлов берилиши керак.

Равшанбек СИДДИҚОВ,
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори.