Юрт тараққиёти ва эл фаровонлиги – муштарак мақсадимиз

Андижон вилояти

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорларнинг шижоатини янада ошириб, уларнинг самарали меҳнат қилишларига кенг имкониятлар яратмоқда.

Ушбу ҳаётбахш ҳужжат юртимизда тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мус­таҳкамлаш, тадбиркорлик тараққиёти йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг амалий чораларини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
2006 йилнинг ёзида ташкил этилиб, атиги етти киши билан фаолиятини бошлаган корхонамиз “Ravon taraqqiyot orzusi” деб номланган. Унда ҳозир 956 киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг 530 нафарини аёллар ташкил этади. Кеча коллеж ўқувчиси бўлган йигит-қизлар бугун ўз касбининг усталари, доимий иш ўринларининг эгаларидир.
Бугун корхонамизнинг қай бир цехига кирманг, энг замонавий дастгоҳлар ўрнатилганлигини, уларни бош­қараётганларнинг касбий малакаси ҳавасга арзигулик эканлигини кўра оласиз. Ривожланишнинг ойдин йўлини босқичма-босқич ўзлаштириш корхонамизнинг янада тараққий этишига кафолат бўлмоқда. Энг илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига  фақатгина ички бозор, балки ташқи бозорга ҳам рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми ортмоқда. Айни вақтда корхонамиз бренди туширилган пойабзаллар Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Озарбойжон давлатларига экспорт қилинмоқда.
Корхонада тайёрланаётган 50 хилга яқин пойаб­заллар харидоргирлиги билан ажралиб туради. Маҳсулотларимизни эндигина қадам ташлаётган болакайлардан тортиб нуронийларгача хуш кўришаётганидан қувонамиз. Корхонамиз раҳбари Абдуҳошим Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Президенти сов­рини учун ўтказилган “Ташаббус – 2013” кўрик-танловининг “Энг яхши тадбиркор” номинациясида бош мукофотга лойиқ кўрилганида жамоамизнинг барча аъзолари кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилган эди.
Дастлабки вақтда маҳсулотлар тайёрлаш учун ишлатиладиган хомашёнинг атиги 10 фоизи ўзимизники эди. Ҳозирга келиб, ушбу кўрсаткич 90 фоизга етди. Ишлаб чиқарилаётган пойабзалларнинг таннархи эса ошмади. Аксинча, арзонлашди. Мижозларнинг таклифларини инобатга олиш, бунинг учун маҳсулотлар дизайни устида ишлаш тизими тобора такомиллашиб бормоқда.
Корхона раҳбариятининг иш режасида инсон омилига эътибор алоҳида ўрин тутади. Иш ҳақининг юқорилиги, яратиб берилаётган шароитдан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Ишчиларимизнинг маънавиятга бўлган эътибори кучли. Кутубхонамизнинг кенг ва ёруғлиги, бадиий адабиётлар, даврий нашрлар билан мунтазам тўлдириб борилиши, турли адабий учрашувлар ўтказилиши буни яққол тасдиқлайди. Ҳозирда Президентимизнинг китоб мутолаа­сини оширишга оид фармойиши ижроси юзасидан кутубхонамизда катта ишлар олиб борилмоқда.
Меҳнатни қадрлаш ишчилар ошхонасида, тиббиёт мас­канида, корхона ҳовлисида янада яққолроқ на­моён бўлади. Ишчиларимизга автобус ажратилган. Шунинг­дек, умумхалқ байрамлари алоҳида дастур асосида ўтказилиб, уларда барча бирдек ҳордиқ чиқаради. Корхона ишчи-ходимлари йил давомида сиҳатгоҳларга юборилади. 2016 йилда салкам 100 киши ана шу йўл билан саломатликларини мустаҳкамлади. Уларнинг 50 фоизини аёллар ташкил этди.
Ҳа, корхонамизда меҳнат қилаётганларнинг барчаси ўз касби билан ғурурланишади. Шунинг учун ҳам корхона обрўсига обрў қўшишга интилишади.

Хуршидахон ТУРҒУНОВА,
Андижон туманидаги “Ravon taraqqiyot orzusi” МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси.