Мулоқот – ҳамжиҳатлик пойдевори

4_mahalla

Хоразм вилояти

Урганч шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Мулоқот маданияти – оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ва маҳалла фаоллари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчиларининг диққат-эътибори Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан мамлакатимизда фуқаролик жамияти шакллантиришнинг замонавий талаблари асосида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, маҳалла фаолиятининг барча йўналишдаги ишларини янада юқори поғонага кўтаришга қаратилди.
– Мазкур фармонга асосан маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилгани ёшларни она Ватанга муҳаббат, қад­рият ва анъаналаримиз руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этади, – дейди Урганч шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Тўхтажон Ибодуллаева. – Шуни ҳисобга олиб, ёшлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш, улар ҳаётида учраётган муаммоларни, ўй-фикрлари ҳамда қизиқишларини ўрганишга эътибор қаратяпмиз.
Тадбир иштирокчилари “Оила билан самарали иш олиб боришда фуқаролар йиғини маслаҳатчиси мулоқот маданиятининг аҳамияти”, “Фуқаролар йиғини маслаҳатчисининг мулоқот маданияти кўникмаларини шакллантириш”  каби мавзулардаги маърузаларни тинглади ва улар асосида мунозара, савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Холмурод ҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Жиззах вилояти

Жиззах шаҳрида “Мулоқот маданияти — оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзуида ўқув-семинари ўтказилди. Ушбу тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари  иштирок этди.

Тадбир давомида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари зиммасидаги вазифалар хусусида фикр юритилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида аҳоли билан мулоқот маданиятини янада ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
– 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани давлат ва жамоат ташкилотлари, хусусан, маҳалла институти вакиллари зиммасига улкан масъулият юклади, – дейди Жиззах шаҳридаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилбар Холмуродова. – Шу маънода, бугунги семинарда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, бу жараёнда илғор тажрибаларга таяниб иш кўриш юзасидан тавсиялар берилганлиги муҳим аҳамият касб этди. Маҳаллаларимизда қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда оилавий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришимиз зарур.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Сирдарё вилояти

Гулистон шаҳрида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳамкорлигида “Мулоқот маданияти – оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган маҳалланинг роли ва нуфузини юксалтириш, вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, халқимизга хос бу ноёб тузилма  фуқаролар билан ишлаш, миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш, шунингдек, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб- қувватлашда,  жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни алоҳида  аҳамият  касб  этади.
– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўйилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Сайёра Ўдаева. – Халқ билан мулоқот қилишда, хусусан, фуқароларнинг ўй-фикрларини тинглаш ва самарали натижага эришишда мулоқот маданияти муҳим аҳамият касб этади. Инсонлар билан муомалага киришувчи ва улар билан иш олиб борувчи мутахассислар учун мулоқот маданияти кўникмасини пухта ўзлаштиришда ушбу ўқув-семинарнинг  аҳамияти катта бўлди.
– Маҳалламизда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Гулистон шаҳридаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мамлакат Бекманова. – Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифаларни ҳал этишда ҳар бир хонадонга кириш, уларнинг муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ушбу ўқув-семинарда билим ва тажрибамизни янада оширдик.
Тадбирда оилалар билан ишлаш, мулоқот маданиятининг ўзига хос жиҳатлари, “Оила –  маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини такомиллаштириш, “Ота-оналар университети” машғулотлари самарадорлигини янада ошириш масалалари бўйича мутахассислар ва маҳалла маслаҳатчилари ўзаро  фикр алмашдилар.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.