УЧУВЧИСИЗ УЧИШ ТАҚИҚЛАНАДИ

Қорақалпоғистон Республикаси

Маълумки, юртимиз қонунчилигига асосан айрим турдаги маҳсулотларнинг республикамиз ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган бўлиб, унга риоя этмаслик қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан санкциясиз фойдаланишда огоҳлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб юртимиз ҳудудига учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, қолаверса, сотиш ва улардан фойдаланиш мумкин эмас.
Бироқ шундай бўлишига қарамасдан, баъзи фуқаролар томонидан мазкур меъёрий ҳужжат талабларини билмаслиги сабабли ёхуд даромад орттириш мақсадида учувчисиз учиш қурилмаларини мамлакатимизга олиб киришга уринишлар учраб турибди.
Масалан, “Даут ота” чегара пости ходимлари томонидан шовотлик К.Амонов ҳамда бухоролик Ш.Халиловларнинг юклари назоратдан ўтказилганда, фуқаро К.Амонов 1 дона,  Ш.Халилов эса 2 дона учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмаларини хориждан олиб келаётганлиги, мазкур қурилмалар божхона декларациясида ҳам кўрсатилмаган, оғзаки сўраб-суриштирувларда ҳам айтилмаганлиги аниқланди.
2016 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳамкорликдаги тадбирлари давомида 9 та шу каби ҳолатнинг олди олинди.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, бундай ҳуқуқбузарликлар учун, агар жиноят аломатлари бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22719 ва 22722-моддаларига кўра, товарлар мусодара қилиниб, ҳаракатни содир этган фуқароларга нисбатан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Агарда учиш қурилмасининг қиймати жуда кўп миқдорни ташкил қилса ёки маъмурий жазо қўлланилганидан кейин шундай ҳаракат қайта содир этилган бўлса, ҳаракат сабабчиси Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг 182-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жаримага ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Женисбой САПАРБОЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси катта инспектори,
божхона хизмати катта лейтенанти.