Истироҳат боғлари чирой очмоқда

4_karusel

Қашқадарё вилояти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори асосида 2013-2016 йиллар давомида  вилоятда 20 та маданият ва аҳоли дам  олиш маркази қуриб фойдаланишга  топширилди.

Шунингдек, ҳудудий манзилли дастурлар асосида вилоятнинг  барча жойларида янги  маданият ва истироҳат боғлари ташкил этилди. Айни вақтда аҳолининг маданий дам олишини янада яхшилаш мақсадида Қарши, Деҳқонобод, Миришкор туманлари марказларидаги истироҳат боғларида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Айниқса, Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликдир.
– Истироҳат боғимиз  аҳолининг ҳордиқ чиқарадиган севимли масканларидан бирига  айланди, – дейди маскан раҳбари Аброр Маҳмудов. – 50 гектар  ҳудудни эгаллаган боғ замонавий кўринишга келтирилди. Ҳозирги пайтда бу ерда аттракционлар сони 50 дан ошди. Боғ ҳудудида 200 та ўриндиқ ҳамда 450 дан зиёд тунги чироқ ўрнатилди. Кўп­лаб музқаймоқ ва салқин ичимликлар дўкони хизмат кўрсатмоқда. Яқинда ҳудудда икки қаватли замонавий ресторан  иш бошлади.
Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида ушбу истироҳат боғида келгусида амалга ошириладиган реконструкция ишлари билан танишиб, бу ерга  келувчилар учун барча шароитларни яратиш, жумладан, яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. Шундан келиб чиқиб, боғда кенг ҳажмдаги қурилиш, бунёд­корлик ишлари олиб борилмоқда.
– Маданият ва дам олиш масканлари қурилишида тадбиркорларимиз томонидан янги-янги лойиҳалар таклиф этилаётгани қувонарлидир, – дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олим  Маматов. – Хусусан, Алишер Навоий номли истироҳат боғида “Асинза БЗ” масъулияти  чекланган жамияти раҳбарияти 5 гектар ер ободонлаштиришни режалаштирган.  Шунингдек, мазкур майдонда келажакда замон талаблари асосида спорт ва болалар  майдончалари қурилади. Сирасини айтганда, шаҳар аҳолисининг бўш вақтини мазмунли  ўтказиши учун янада кўпроқ қулайликлар яратилади.
Бу эса халқимизнинг муносиб турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.