Инсон манфаатларини таъминлаш – устивор вазифа

1_02

Андижон вилояти

Аҳолининг Виртуал қабулхона орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевга мурожаат  билан тўғридан-тўғри чиқишига имконият яратилганлиги ижтимоий ҳаётимизда муҳим воқелик бўлди.

Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган масалалар кўлами қай даражада бўлишидан қатъи назар, инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканлиги бош мезон бўлмоқда. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши замирида ҳам давлат идораларининг аҳолига адолатли ва самарали хизмат қилишдек эзгу мақсад мужассамдир.
Андижон вилояти туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов ўтказган сайёр қабулларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ҳамда ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат этган барча фуқаролар иштирокида ҳар бир масала жиддий тарзда кўриб чиқилди.
Сайёр қабулларда рес­публика Бош прокурорининг ўринбосари У.Суннатов ва бошқа давлат идораларининг вакиллари фуқароларнинг ариза ва шикоятларини тинглади.

Учрашувларда соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси таъминоти, кредит олиш, бандлик масалалари ўз ўрнида кўриб чиқилди ва бошқа кўплаб мурожаатлар шу жойнинг ўзида ечимини топди.
Жумладан, Балиқчи туманидан келган тадбиркор Шаҳло Асқарова фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида банкдан 18 миллион сўм кредит олиш учун ҳужжатлар тайёрлаб топширган. Афсуски, банк ходими Шаҳло Асқарованинг олаётган 18 миллион сўмлик кредитини ўзлаштирмоқчи бўлиб, уни овора қилган. Унинг мурожаатидан сўнг  туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот органлари бу ишга аралашгач, муаммо ўз ечимини топди.
Булоқбошилик М.Сотвол­диев, пахтаободлик Н.Комилова ва Андижон туманидан келган  А.Эшоновларнинг мурожаатлари ва таклифлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Уларнинг барчаси жавоблардан қониқиш ҳосил қилганликларини билдиришди.
Бўз тумани ҳудудида ер ости сувларининг кўтарилиши табиий ҳолат. Давлатимиз томонидан мелиорация мақсадлари учун зарур маблағлар ажратилмоқда. Туман марказида яшовчи Г.Цой зах сувларни қочириш орқали табиат мувозанатини сақлаш мумкинлиги ҳақида мурожаат билан чиққан эди. Сўнгги йилларда мазкур туманда юзлаб километр зовурлар тозаланиб, ер ости сувларининг камайишига эришилди. Аммо ҳали бу борада ечимини кутаётган муаммолар бор. Г.Цойнинг таклифи манзилли дастурга киритилди ва бу, албатта, ўз ижросини топади.
Сайёр қабуллар давомида яратиб берилган имкониятларга нисбатан нописандлик билан қараган ва оқибатда туман ҳокимлари билан тузилган ижара шартномалари бекор қилинган фермерларнинг мурожаатлари ҳам кенг жамоатчилик иштирокида яна бир бор кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришига эришиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу хайрли ишларни рўёбга чиқариш учун ҳамжиҳатликда иш тутиш зарур. Шубҳасиз, юксак мақсадларимизнинг юзага чиқишида эса ижтимоий адолат бош мезон ҳисобланади.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.