Мулоқот – муаммолар ечимига мақбул йўл

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, жадал тараққиёт учун имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.

Бешта босқичдан иборат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олганлиги, ҳеч бир соҳа, ҳаттоки, кичик бир тармоқ ҳам эътибордан четда қолмаганлиги, яъни ушбу сиёсий ҳужжат мантиқийлик, узвийлик ва тизимлилик принципи асосида ишлаб чиқилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ҳаракатлар стратегиясида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳам акс этган. Яъни стратегиянинг ҳар бир йўналишида, ҳар бир бандида халқ билан мулоқотнинг самарали усуллари кўрсатиб ўтилган. Хусусан, унда халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий этиш, жамоатчилик бош­қаруви ва назоратини кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилган.
Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг белгиларидан бири сифатида қонунлар инсоний, адолатли ва демократия руҳида, замонавий шарт-шароитлар ва эҳтиёжларга жавоб берадиган тарзда бўлиши кераклигига ҳам урғу берилган. Ўз навбатида, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган йўналишнинг қамров жиҳатидан жуда кенглиги, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига қаратилган вазифалар ўз ифодасини топганлиги, бугунги давр билан ҳамоҳанг­лиги қонунлар ва қонун­ости ҳужжатларининг замонавий шарт-шароит­лар ва эҳтиёжларга жавоб берадиган тарзда яратилишига замин бўлади.
Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг амалдаги исботи сифатида халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш мазкур стратегиянинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлди. Шу боис, унда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, шунингдек, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш ҳам назарда тутилган.

Акрамжон ХЎЖАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази тингловчиси.