Маҳаллада мулоқот маданияти мавзуси

Наманган вилояти
“Мулоқот маданияти – оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзусида Наманган шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда ушбу анжуман ўзини ўзи бошқариш органлари олдида турган долзарб вазифалар ечимини топишда, айниқса, халқ билан мулоқотга киришишда, уларнинг ўй-фикрларини тинглаш ва самарали натижага эришишда  муҳим  аҳамият касб этиши таъкидланди.
–  Маҳалла аҳли билан мулоқот маслаҳатчи фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади, –  дейди тадбир қатнашчиси “Янги тонг” МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаббатхон Ҳусанова. – Президентимизнинг фармони асосида фуқаролар йиғинларида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилганлиги келажак авлод вакилларини  она Ватанга муҳаббат, миллий анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакиллари фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Жорий йилнинг ўтган даврида Наманган вилоятидаги мавжуд маҳаллаларда “Яраштириш комиссиялари” томонидан 1440 та оила – турмуш доирасидаги масала кўриб чиқилди.  Ёш авлодни касб-ҳунарга йўналтириш, келгусида уларнинг ижтимоий ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш мақсадида “Оилавий қадриятлар”, “Оила ва саломатлик”, “Сиз оила бўсағасида”, “Оила ва никоҳ муқаддас” каби мавзуларда таълим муассасалари билан ҳамкорликда 10 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Шунингдек, тадбирда оилалар билан самарали иш олиб боришда мулоқот маданиятининг аҳамияти, маслаҳатчиларнинг мулоқот маданияти кўникмаларини янада кучайтириш, маҳаллада оилалар билан иш олиб бориш бўйича тўпланган тажрибаларни вилоят миқёсида оммалаштириш масалаларига алоҳида аҳамият берилди.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Фарғона вилояти
Фарғона шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан “Мулоқот маданияти – оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзуида ўқув-семинари ўтказилди.
“Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури” ижроси доирасида бўлиб ўтган тадбирда вилоят марказидаги 70 та фуқаролар йиғинида фаолият юритувчи диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар,  давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Тадбир мақсади фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ишини янада такомиллаштириш, хусусан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйи­ча маслаҳатчилар фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу йўналишда ижобий кўрсаткичларга эришган, ишлари намунали тарзда йўлга қўйилган маслаҳатчилар таж­рибаларини оммалаштиришга қаратилди.
Таъкидланганидек, маҳаллада соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, фуқаролар, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар хоҳиш-истакларини ўрганиш орқали халқ ичига чуқурроқ кириб бориш, ҳудудда маънавий-ахлоқий тарбия масалаларига бўлган эътиборни тобора кучайтиришда  маслаҳатчиларнинг ўрни муҳим бўлиб, бунинг учун, аввало, маслаҳатчининг ўзи шахсий ибрат намунасини кўрсата олиши зарур.
Тадбир давомида соҳа мутасаддиларининг “Оилалар билан самарали иш олиб боришда фуқаролар йиғини маслаҳатчиси мулоқот маданиятининг аҳамияти”, “Халқ билан мулоқот” ҳамда “инсон манфаатлари” тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти”, “Фуқаролар йиғини маслаҳатчисининг мулоқот маданияти кўникмаларини шакллантириш”, “Маҳаллада оилалар билан иш олиб бориш бўйича тўпланган тажрибалар” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Вилоятда белгиланган режа асосида жорий йилнинг 30 мартидан 10 апрелига қадар ҳар куни 2 тадан шаҳар ва туманларда ана шундай ўқув-семинарлари ташкил этилади.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Тошкент вилояти
Тошкент давлат аграр университетида шу мавзуда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида мамлакатимизда, жумладан, Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар.
Маҳалла аҳли билан доимий мулоқотда бўлиш, оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати, мавжуд муаммолари, фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини доимий ўрганиб бориш, муаммолар, талаблар моҳиятини теран англаш, аҳолига амалий ёрдам бериш фуқаролар йиғини олдидаги долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳар бир ходимидан, айниқса, диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилардан юксак билим, ва тажриба ва катта масъу­лият талаб этади. Бу борада, энг аввало, мулоқот мадания­тига эътибор қаратиш лозим.
– Вилоятимиздаги маҳаллаларда 986 нафар диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият юритмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими масъул ходими Зулхумор Жўраева. – Мазкур тадбирда асосий эътибор маҳаллаларда аҳоли билан энг кўп мулоқотда бўладиган маслаҳатчиларнинг муомала маданиятини янада оширишга ҳамда жойларда тўпланган ибратли тажрибаларни кенг омма­лаштиришга қаратилди.

Иброҳим ТОШЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Қашқадарё вилояти
Шаҳрисабз тумани ҳокимлигида “Мулоқот маданияти – оилалар билан иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Тадбир “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгаш томонидан ташкил этилди.
Унда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, фикрини ўрганиш асосида оилалар фаровонлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш ва амалга ошириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият юритаётган ҳар бир ходимдан, хусусан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилардан юксак билим, тажриба, қолаверса, масъулият талаб этади.
Тадбирда шу каби масалалар бўйича маслаҳатчиларнинг маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот маданияти, оилаларни ўрганиш ва улар билан тизимли иш олиб бориш бўйича амалий кўникма ҳамда малакаларини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш юзасидан услубий тавсиялар берилди. Мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳамкорликда самарали ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.