Эл фаровонлиги учун қўйилган ҳар бир қадам хайрлидир

Навоий вилояти

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-­иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташрифи чоғида истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилаётган саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги бир қатор лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди.

Хусусан, Қизилтепа туманидаги “Тошработ текстиль” корхонаси ҳудудидаги тақдимотда ҳар бир лойиҳа бўйича қимматли таклифлар билдириб, истиқболли ва аниқ йўналишларни белгилаб берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятда балиқчиликни ривожлантириш учун табиий шароит етарли. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан қатор йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” сув омборининг табиий сув ҳавзасида балиқ етиштириш, қайта ишлаш ва музлаткичли омборхона қурилишини ташкил этишга қаратилган умумий қиймати 18,7 миллиард сўмлик лойиҳа ҳам вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини 1000 тоннага оширади.
Корхонамиз томонидан балиқ чавоғи етиштирувчи инкубация цехи, 250 тонналик музлаткичли омборхона, минг тонна балиқни қайта ишлаш, 400 тонна балиқ филеси ҳамда 350 тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Жорий йил якунида ишга тушиши режалаштирилаётган,  умумий майдони 21,6 минг гектар бўлган ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 87 та янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбарининг соҳани янада ривожлантириш борасидаги қимматли таклифлари келгуси фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади. Биз бундан руҳланиб, янги-янги мақсадлар сари дадил ҳаракатларни бошлаб юбордик.

Шавқиддин ЖАМОЛОВ,
Қизилтепа туманидаги “Аква Тўдакўл” қўшма корхонаси раҳбари.