Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ишончли ҳимояси

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга кўтаргани билан аҳамиятлидир.

Энди суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлик­ларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Маълумки, судьялар одил судловни амалга ошириш орқали  фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади. Шунга кўра, судьянинг мақоми, билим ҳамда малакаси билан бир қаторда моддий ва ижтимоий дахлсизлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Фармонда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг мавжуд иш юкламасини, туманлараро судларнинг ўзларига бириктирилган ҳудудларга нисбатан қанчалик олисда жойлашгани ўрганиб чиқилишининг белгилангани фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Фармоннинг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, 2017 йилнинг 1 апрелидан фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди. Вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест киритиш бўйича ваколатлари бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари ҳам бекор қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон суд тизимида ижтимоий ҳимояни, кучли ижтимоий сиёсат юритиш борасидаги ислоҳотларни янада кучайтиришга хизмат қилади ҳамда судьяларнинг обрў-­эътиборини оширади.

Илҳом ЖЎРАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси.