Юксак салоҳиятнинг ёрқин ифодаси

samarqand-2017

Самарқанд вилояти
Зар сочар Зарафшон дарёсидан сув ичадиган, она-табиат инъом этган сервиқор тоғлар оралиғидаги хушҳаво масканда жойлашган Самарқанд мустақиллик йилларида том маънода гуллаб-яшнамоқда. Яратилган кенг имкониятлардан самарқандликлар унумли фойдаланиб, ўзлари яшаётган маконларини обод қилмоқдалар, бир-биридан гўзал шаҳар ва қишлоқлар барпо этиляпти.

Манаман, деган давлатларникидан қолишмайдиган саноат корхоналари ишга туширилмоқда. Бир пайтлар ташландиқ жойга айланган бийдай чўллар, бир умр теша тегмаган тоғ ёнбағирлар ўзлаштирилиб, интенсив боғлар яратилмоқда. Боғ-роғларда мус­тақиллик меваларидан баҳраманд бўлаётган уста деҳқон, довруғи довон ошган соҳибкорлар замонавий технологиялар асосида иссиқхоналар қуриб, ноз-неъматларни экспортга ҳам чиқармоқдалар.
Самарқанд автомобилларини эса бугун дунё билади ва эътироф этади. Албатта, бундай муваффақиятлар ўз-ўзидан қўлга киритилмаяпи. Ўтган асрдан қолган тузум мамлакатимизнинг икки оёғини бир этикка тиқиб қўйганлигини яхши биламиз. Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалигидаги машаққатли меҳнат халқимиз қаддини эгиб қўйганлигини, устига-устак яратилган мўл ҳосил сувтекинга олиб кетилганлигини унутиб бўладими?! Инсон қадри, меҳнати топталишини айтмайсизми? Бундай жабр ва ситамларни Самарқанд вилояти меҳнат аҳли ҳам татиб кўрганлигини, ҳалол, меҳнаткаш, фидойи одамларимиз бошида тегирмон тоши “айланганини” ёддан чиқариб бўлмайди. Дунё нигоҳидаги тарихий-маданий обидалар, бошқа моддий мерос иншоотлари оёқости қилиниб, қадриятларимиз топталганлиги-чи?
Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгач, булар худди “қуёш чиққанида юлдузлар ниҳон” бўлгани каби аччиқ тарихга айланиб қолди.
Юртимизда қарор топган доно ва одил сиёсат туфайли барча каби самарқандликлар ҳам рўшнолик кўриб, қалбларида эртанги кунга бўлган ишонч ҳамда ҳавас уйғонди. Бирлик, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, Ватан ҳисси одамларни бунёдкорликка, яратувчанликка бошлади. Бу, ҳеч муболағасиз, Улуғ мақсад сари ташланган ишончли ва дадил қадам бўлди.
Бугунги кунда вилоятнинг қаерига борманг, бағри бутун халқимизнинг фидокорона меҳнати, юртимизни обод қилиб, ўз ризқини ўзи яратаётганлигининг гувоҳи бўласиз.
Юксак стандартлар асосида жиҳозланган “Самарқанд автомобиль заводи”да ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, “Бритиш Американ табако”, “СамАнтепгилам”, “Амин Инвест” қўшма корхоналари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари вилоятнинг саноати ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда. Кейинги беш йилда вилоятда юздан ортиқ қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилди. Айни пайтда уларнинг сони 259 тага етди.
Шундай қилиб, Самарқанд ўзининг иқтисодий салоҳияти жиҳатидан республикамизда алоҳида ўринга эга бўлди.

Янги уйлар муборак!
Янги уй-жойга эга бўлган оила қувончини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Кўп йиллардан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаётган Дилдора Маҳмудованинг дил изҳорлари юзлаб бахтиёр хонадон соҳибларининг истагига ҳамоҳанг бўлди:
– Бу кунларни узоқ кутдик, – дей­ди у. – Икки нафар ёш фарзандимиз билан ижарада туришга мажбур эдик. Орзуимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратилган имконият туфайли рўёбга чиқди. Ниятимизга етдик. Ҳозир тинч ва осойишта яшаяп­миз. Уйимиз шинам ва ораста. Президентимизга чексиз миннатдорлигимни изҳор этаман.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дас­тури тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда бахтли, бахтиёр оилалар янада кўпайишига имкон яратди. Белгиланган дастурга кўра, қишлоқ жойлардаги кам таъминланган оилалар, аввало, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш даражаси сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, Самарқанд вилоятида жорий йилда 1 минг 314 та ана шундай уй-жой барпо этиш режалаштирилган. Келгусида ҳам янги ва кўркам уй-жой массивларини барпо этиш – қишлоқларимиз қиёфасини ҳар томонлама обод қилишга қаратилган истиқболли дастурлар изчиллик билан давом эттирилади, албатта.

Боғдорчиликда Самарқанд тажрибаси
Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” фермер хўжалиги ва Жомбойдаги “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамиятлари инновацион технологияга асосланган сифатни бошқариш ва назорат қилиш тизимини боғдорчиликда тат­биқ қилиб, соҳада самарадорликни янада оширишга эришмоқдалар. Буни Самарқанд тажрибаси, дейиш мумкин. Бундай ёндашув, аввало, унумсиз ердан оқилона фойдаланиш,  сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштириш имконини бермоқда.
– Боғдорчиликда янгича технологияларни қўллаш орқали йил сайин маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириб боряпмиз, – дей­ди “Муштарий Оқдарё” фермер хўжалиги раҳбари Тоймас Давронов. – Ўтган йили пойтахтимизда ўтказилган кўргазмаларда хорижлик ҳамкорлар билан 230 минг АҚШ долларилик шартномалар тузиб, 2 минг 400 тонна олма ва шафтолини экспорт қилдик. Бундан ташқари, аҳоли истеъмоли учун ички бозорларимизга ҳам маҳсулот етказиб беряпмиз.
Жомбой туманидаги “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти ҳам Ғўбдин тоғ этакларидаги сувсиз ерларда интенсив усулда боғ ташкил қилиш лойиҳасини илгари сурганди.
– Тоғ этагидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланиш қийин бўлган ерда интенсив усулда 650 гектар боғ ташкил қилдик, – дейди корхона иш бошқарувчиси Акбар Набиев. – Боғда тўлиқ сифатни бошқариш тизимини йўлга қўйганмиз. Яъни керакли озуқалар томчилатиб суғориш орқали дарахт илдизига етиб бориши, қуёш нури тушиши ва ҳароратнинг тўғри тақсимланиши назоратимизда.
Хўжаликнинг боғдорчиликда қўллаган инновацион ютуқларидан бири боғ устини тўлалигича махсус мато-қоплама билан ёпганлигидир. Бу ёпинчиқ қуёш нурини бир текис ўтказиши, ҳароратни мўътадиллаштириши ва ҳосилни тасодифий ёғин-сочиндан сақлаш учун ўзига хос кафолат бўлмоқда. Қолаверса, дарахтлар илдизининг ўғит ёки сувга бўлган эҳтиёжи ҳам махсус автоматик ўлчагичлар орқали аниқланади. Боғ қатор ораларига ишлов берувчи мини техникалар ҳам ҳосилдорликнинг ортишига хизмат қилмоқда.
Аҳамиятлиси, ушбу хўжалик­лар боғдорчиликда юқори ҳосилдорликка эришиш билан чекланиб қолмасдан пакана навли мевали дарахт кўчатлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Хусусан, Самарқанд тажрибасини оммалаштириш ва ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиш самарадорлигини ошириш мақсадида хўжаликларда  1,5 миллион дона кўчат маҳаллий хўжаликлардан ташқари, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона вилоятларига етказиб берилди.
– Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”нинг Самарқанд вилояти бўлими томонидан ажратилган 1 миллион долларлик сармоя эвазига сабзавот кўчатлари етиштиришга ихтисослашган иссиқхона қурдик, – дейди “Муштарий Оқдарё” фермер хўжалиги ҳисобчиси Низом Бозоров. – Режага кўра, сабзавот кўчатларини талабгорларга бепул тарқатамиз, улар томонидан етиштирилган ҳосилни ўзимиз сотиб олиб экспортга йўналтирамиз. Шу йўл билан томорқачилар ва фермер хўжалик­ларини янгича ишлаш ва қўшимча даромад топишга ўргатяпмиз.
Бугунги кунда вилоятда жами 10079 интенсив боғ барпо этилган. Бу эса республикамиздаги жами интенсив боғларнинг 43 фоизини ташкил этади. Боғ-роғларни янада кенгайтириш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, энг асосийси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва уни экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, кейинги беш йилда умумий қиймати 425,3 миллиард сўм бўлган 261 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ургут туманининг қир-адирлар, тоғолди ҳудудларидаги 11 минг гектар ҳосили паст ерларда ёнғоқ, чилонжийда, унаби, узум ва бошқа мевали дарахтлар экиш ҳамда иссиқхоналар учун аниқланган 1800 та лойиҳага экспортбоп нав­ли кўчатларни жойлаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Каттақўрғон туманининг лалми ҳудудларида 4,2 минг гектар ва Пайариқ туманининг Ғўбдин тоғолди ҳудудларида 3,1 минг гектар ҳамда Қўшработ туманида 2,7 минг гектар майдонда янги токзор барпо этилади.

 

Тараққиёт довонларида
– Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ишларда муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди Самарқанд туманидаги “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўктам Саидмуродов. – Шу асосда қабул қилинган давлат Дастури иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Бошқача айтганда, янги-янги қувватларни ишга тушириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги турдаги рақобатбардош тайёр маҳсулотларни ўзлаштиришни тақозо этади.
Вилоятда мазкур Дастур асосида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Масалан, 2018 йилда Нарпай туманининг “Қизилсой” конидаги минерал хомашёларни қайта ишлаш орқали йилига юз минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, Нарпай магистрал канали тизимини тиклаш лойи­ҳасини рўёбга чиқариш орқали унга боғлиқ Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи туманларининг тегишли 40 минг гектар ер майдонлари кафолатли сув билан таъминланади.
Вилоят ҳокимининг вилоятни 2017-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида бу каби ўнлаб устувор вазифалар белгиланган. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида барча соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳими, самарқандликларнинг кайфияти кўтаринки, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкам. Бу эса вилоят иқтисодиётини янада юқори поғоналарга кўтаришга, эл фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Адҳам ҲАЙИТОВ,
Манноб ИБОДУЛЛАЕВ,
журналистлар.