Илмий изланишлар замирида аҳоли фаровонлигини ошириш мужассам

Ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган илмий-тадқиқот институтлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди.

Мана шундай ишлар самарасида ўтган йили Ғўзанинг “Истиқлол-14” нави Андижон ва Сурхондарё, “Пахтакор-1” нави Жиззах, “Наманган-102” нави эса Қашқадарё вилоятлари бўйича районлаштирилди. Шунингдек, янги “С-8294” нави Тошкент, “С-65-65” нави эса Самарқанд вилояти бўйича истиқболли, деб топилди. Ҳар бир туманнинг туп­роқ-иқлим шароитларини инобатга олиб ва йилнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, вилоятлар кесимида ғўза навлари агротехнологияси бўйича алоҳида тавсиялар тайёрланди ҳамда фермерларга етказиб берилди.
Ғаллачилик соҳасида ҳам қатор янгиликлар юз берди. Жумладан, “Тарона” нави рес­публикамизда экиш учун тавсия этилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилди. Буғдойнинг “Давр”, “Дружба”, “Ёғду”, “Бунёдкор”, “Ғозғон”, “Эломон”, арпанинг “Абу-Ғофур-20”, шолининг “Ситора”, “Аҳмад-шоли”, “Тантана”, соя­нинг “Севинч” ва “Мадад”, мошнинг “Тошкент” ҳамда “Чирчиқ” навлари истиқболли, деб топилди.
Кузги буғдойнинг “Ўзбекис­тон-25” ва “Умид” навлари давлат нав синаш комиссиясига топширилди. Тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан режадаги 4 минг 225 тонна ўрнига 6 минг 585 тонна сара уруғ етиштирилиб, ғаллакорларга етказиб берилди.
Боғдорчилик соҳасини ривож­лантириш доирасида ­узумнинг “Мускат”, “Олтиной”, “Кишмиш Суғдиёна”, “Кишмиш Самарқанд” ва “Кишмиш Морути”, олманинг эса “Ҳаёт” навлари давлат нав синаш комиссиясига топширилди. Узум, пакана ва ярим пакана мевали дарахт кўчатлари етиштирилиб, фермерларга етказиб бериш учун шартномалар тузилди.
Янги боғ ва токзорлар барпо этиш, яроқсизларини реконс­трукция қилиш жараёнларида ҳам олимларимиз фаол иштирок этиб, илмий маслаҳат ва тавсияларини бериб боришмоқда.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошка етиштиришни ривож­лантириш бўйича помидорнинг “Заковат”, саримсоқпиёзнинг “Чидамли”, картошканинг “Барака” навлари, бақлажоннинг “Туҳфа”, қовоқнинг “Ғайрат”, ширинмаккажўхорининг “Эврика” нав­лари давлат реестрига киритилган.
18 турдаги сабзавот ва полиз экинларининг 37 та нави бўйича бирламчи уруғчилик ишлари илмий асосда олиб борилди. Соҳа олимлари томонидан яратилган сабзавот, полиз, картошка экинларидан юқори ҳосил етиштириш технологиялари 205 минг гектардан ортиқ майдонда жорий этилди. Тупроқшунослик бўйи­ча ҳам олимлар томонидан самарали ишлар амалга оширилмоқда. Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида “Туп­роқ шўрланиши харитограммаларини тузиш” юзасидан Қорақалпоғистон Республикасининг 7 та таянч хўжалиги бўйича тупроқ экологик-мелиоратив жараёнларини бошқариш, тупроқ унумдорлигини тиклаш юзасидан тавсиялар ва туп­роқ хариталари ишлаб чиқилди.
Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш бўйича ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Масалан, пахта териш машиналари учун шпинделларни ювиш ва тозалаш ҳамда пахтанинг ерга тўкилишини камайтирувчи қурилма тайёрланиб, Қуйичирчиқ туманидаги “Ултув” фермер хўжалигида жорий этилди. Қолаверса, комбинация­лашган дискли борона ҳамда энергия ва ресурстежамкор картошка ковлагичнинг тажриба нусхаси яратилиб, Янгийўл туманидаги қатор фермер хўжаликларида синовдан ўтказилди. Уруғларни қобиқловчи кўчма қурилма ёрдамида эса фермер хўжаликларига 20 минг 405 килограмм туксизлантирилган, 500 килограмм тукли чигит, тадбиркорларга жами 2 минг 210 килограмм беда, шоли, қовун, тарвуз, маккажўхори ва озуқа лавлаги уруғлари қобиқланиб экиш учун тайёрлаб берилди.
Чорвачилик, пиллачилик, паррандачилик ва балиқчилик тармоқларини ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кен­гайиб боряпти. Жумладан, “Швиц” зотли қорамолларнинг сутдор 2 та завод тизими ва 11 та янги оиласи, йирик гавдали сур рангли қоракўл қўйларининг “Шофиркон” завод типи яратилди. Ипак қуртининг юқори сифатли тола берувчи “Наврўз-1”, “Наврўз-2”, “Олтин водий-1”, “Олтин водий-2”, “Гулшан-Нафис”, “Нафис-Гулшан” ва “Зарафшон” каби дурагай комбинациялари районлаштирилди.
Тўрт турдаги янги ветеринария препаратлари яратилиб, амалиётга жорий этилди. Зарур вакцина ва препаратлар фермер хўжаликларига етказилди ва касалликларнинг олди олинди.
Балиқларни мослаштиришга доир ишланмалар ҳаётга татбиқ этилиб, осётр ва африка лаққаси иқлимлаштирилди ҳамда она балиқлар тўдаси яратилди. Балиқчилик хўжаликларига 5,1 миллион донадан зиёд балиқ чавоқлари етказиб берилди.
Соҳа олимлари истиқболдаги устувор вазифаларни ҳам белгилаб олишган. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан узвий алоқалар ўрнатиб, 2018-2021 йилларга мўлжалланган дастурларни белгиланган тартибда шакллантириш ва қўмитага ўз муддатида тақдим этишни таъминлайди. Илмий лойиҳаларни шакллантиришда, энг аввало, академиклар, мухбир аъзолар, профессор, фан докторлари жалб қилинган ҳолда ҳар бир ташкилотда ишчи гуруҳлар тузилади. Лойиҳаларни жойида кенг муҳокама қилиш, илмий кенгашларда кўриб чиқиш ва энг долзарб йўналишлардагиларини саралаш ҳамда ҳайъат мажлисларида кўриб чиқиш тизими жорий этилади.
Кўп йиллик изланишлар асосида олинган натижаларни кенг таҳлил қилиб, монографиялар, тавсияномалар, услубий ва ўқув қўлланмалари, илмий мақолалар нашр этишнинг дастури ишлаб чиқилиб, унинг бажарилишини таъминлашга алоҳида аҳамият берилади.
Марказнинг вилоятлар бўлимлари билан ҳудудда экспериментал далаларни ҳамкор фермер хўжалик­ларида ташкил этиш, фермер ва тадбиркорлар иштирокида амалий ўқув-семинарлари ўтказишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилади.
Боғ ва токзорларда агротехник тадбирларни ўтказиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, боғ ва ток қатор ораларига эрта баҳорда сабзавот ва полиз экинларини экиш бўйича ҳам илмий асосланган тавсиялар тайёрланади.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти­нинг фермер хўжалик­ларида ингичка толали ғўза навларини етиштириш ҳамда республикамизда қўшқатор усулида чигит экиш юзасидан тавсиялар тайёрланиши мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтлари соя, мош, нўхат, шоли, мойли экинлар етиштириш ва улардан юқори ҳосил олиш бўйича ҳам тавсиялар ишлаб чиқиб, тақдим этишлари зарур.
Сирасини айтганда, илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибалар деҳқонларга мўл ҳосил етиштириш ва улкан хирмон яратиш имконини беряпти. Олимларимиз эса бу борадаги изланишларини изчил давом эттиришмоқда. Зеро, ҳар бир изланиш замирида мўл, сифатли ҳосил етиштириш ва эл фаровонлигини ошириш масаласи турибди.

Шуҳрат ТЕШАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари, ЎзҚХИИЧМ Бош директори, профессор.