НАВОСОЗ ЮРАКДАН ЎЛМАС НАВО ҚОЛАДИ

8_komiljon

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Ватанимиз гўзаллигини, юксак инсоний туйғуларни авж пардаларда куйлаган, беназир овоз соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудига юз йил тўлиши муносабати билан санъаткорнинг юбилейини ҳақиқий санъат ва нафосат байрами сифатида ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси воҳа аҳлини беҳад мамнун этганди. Айни вақтда бу борада амалий ишларга киришилди.

Урганч шаҳридаги 24-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида “Таълим берган устозингдан айрилма” шиори остида ўтказилган бадиий кеча катта юбилейга тайёргарликнинг илк дебочаси бўлди.
Кечага воҳада ва Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл туманларида ижод қилаётган ёзувчи, шоир ва ижодкорлар, санъаткорлар, олимлар ва меҳнат фахрийлари таклиф қилинди.
Унда Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёт йўли, ўзбек қўшиқчилик санъатини ривожлантириш ва дунёга танитишдаги хизматлари ҳақида сўз борди.
Комилжон Отаниёзов ижро қилган “Биргина дилбаргина” ашуласидан сўнг мактабнинг ёш мақомчилари, чолғу ансамбли иштирокчилари Комилжон ака мусиқа басталаган ва ижро этган “Ватан”, “Тил” қўшиқларини куйладилар. “Гулдаста” ялласига қизлар рақсга тушдилар.
– Мен Хоразмда ўзига хос бахшичилик мактаби яратган санъаткор, республикада биринчи бўлиб, 1938 йилда “Ўзбекистон халқ достончиси” унвонига сазовор бўлган инсон Қурбонназар Абдуллаев (Бола бахши)нинг ўғли бўлганимдан Комилжон аканинг уйимизда отам билан суҳбатларида қатнашганман, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Абдулла Қурбонназаров (Норбек бахши). – Отам 40 га яқин достонни ёд билган, достон куйларидан 39 тасини тўла равишда билганлиги боис, Комилжон ака достон куйларини мукаммал эгаллаш мақсадида хонадонимизга тез-тез ташриф буюрардилар. Суҳбатлар мавзуси куй ва қўшиқчилик ҳақида борарди. Ўшанда Комилжон аканинг достон куйларига қизиқиши ниҳоятда катта эканини англаганман.
Суҳбатлардан бирида Махтумқулининг “Айрилма” шеърига куй басталаш жараёни тўрт йилча давом этгани, энг сўнгида шу қўшиққа ҳозирда чалинадиган куй маъқул келганини эшитганимда, машҳур ҳофизни куй басталашга шунча масъулият билан ёндашганига ҳайратда қолганман.
Комилжон Отаниёзов ижодий фаолияти давомида нечта қўшиққа куй басталаган ва ижро қилган бўлса, барчаси санъатимизнинг олтин фондидан ва тинг­ловчилар юрагидан жой олган, санъаткор яратган қўшиқлар ҳам, унинг номи ҳам асрлар оша барҳаётдир.
Ўзбек қўшиқчилик санъати ривожига катта ҳисса қўшган машҳур хонанда ва бастакор Комилжон Отаниёзов ўзининг яратиб кетган ашулалари билан халқимизни асрлар оша юксакликка чорлайверади.

Холмурод ҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.