Тухум экспорти йўлга қўйилди

3_parranda

Жиззах вилояти

Ғаллаорол туманидаги “Сангзор парранда” масъулияти чекланган жамиятида 380 мингта “Ломанн-Браун” зотли товуқ боқилмоқда. Жамият томонидан ўтган йили аҳолига 84 миллион дона тухум етказиб берилди.

Мазкур корхона Германиянинг “Big Dutchman GMBH” компаниясининг 350 минг 700 та парранда боқишга мўлжалланган замонавий линияси билан жиҳозланган. Бу ерда тозаликни таъминлашдан тортиб тухумни йиғиб олишгача бўлган жараёнлар автоматик тарзда амалга оширилади. Иншоотда ҳарорат ва ҳавонинг тозалигини махсус ускуналар таъминлайди.
– “Ломанн-Браун” зотли товуқлар деярли йил давомида тухум берар экан, – дейди корхона ветврачи Баҳром Кенжаев. – Албатта, бундай натижага эришиш учун ўзига хос парвариш зарур. Жумладан, паррандалар турли касалликларга қарши вакциналар орқали мунтазам эмланади. Таркибида 10 хилдан ортиқ қўшилма бўлган ем билан кунига икки марта озиқлантирилади. Жорий йилда корхонага 284 минг 164 та парранда боқишга мўлжалланган янги линияни келтириш режалаштирилган. Бу эса қўшимча 30 нафар кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
– Айни пайтда маҳсулотлар республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб берилмоқда, – дейди “Сангзор парранда” МЧЖ раҳбари Диёр Бозоров. – Шунингдек, қўшни давлатларга ҳам ойига 2 миллион дона тухум экспорт қиляпмиз. Ўтган 2016 йилда 2 миллиард 900 миллион сўм даромад олдик. Амалдаги йилда ушбу кўрсаткични 4 миллиард сўмга етказишни мўлжаллаяпмиз. Бундан ташқари, паррандачилик билан шуғулланишни истаганларга шартнома асосида товуқ, озуқа ва катаклар етказиб беряпмиз. Қолаверса, ўтган йили 100 мингта жўжани ҳомийлик асосида аҳолига тарқатдик. Жорий йил охиригача яна 250 мингта жўжа эҳтиёжманд оилаларга берилиши кўзда тутилган.
Корхона қошида чорвачилик фермаси ҳам ташкил этилган. Ўтган йили чорва молларидан  70 тонна гўшт ва 400 тонна сут олинди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.