Оила даромади ошиб, турмуш фаровонлашмоқда

2_omilkorlik

Бухоро вилояти

Ғиждувон туманидаги “Гаждумак” МФЙ ҳудудида истиқомат қилаётган кўплаб хонадон эгалари тадбиркорлиги ва ишбилармонлиги билан оилалари даромадини ошириб боришмоқда.

Мирёқуб Абдуллаев ҳам оила аъзоларини шу йўсинда иш юритишга ўргатган. Шу боис, бу хонадонда тотувлик, тўкин-сочинлик таъминланган, десак сира янглишмаган бўламиз.
Уй бекаси Назира опа паррандачилик билан шуғулланади. Неваралари ёрдами билан тухум йўналишида 150 та товуқ парваришламоқда. Улардан ҳар куни олинадиган 120-130 дона тухумнинг бир қисми оила эҳтиёжи учун сарфланса, қолгани маҳалладаги савдо дўконларига етказиб берилмоқда.
Оила тўнғичи Миршодмон турмуш ўртоғи Гулчирой Ўроқова билан хонадон ихтиёридаги 7 сотихли томорқа юмушларига масъул.  Томорқадан ҳар йили уч марта ҳосил олинади. Айни кунда бу ерда 120 минг тупдан ортиқ помидор, бақлажон ва булғор қалампири кўчатлари тайёрланмоқда. Саноқли кунлардан сўнг улар сотувга чиқарилади. Қиш фаслида иссиқхонада оила учун зарур сабзавот экинлари етиштирилса, эрта кузда турли кўкат уруғлари қадалади.
Хонадон аъзоларидан яна бири Нурали Абдуллаевнинг асли касби ҳайдовчилик бўлса-да, ишдан бўш вақтлари ўзи ташкил этган темирчилик устахонасига ошиқади. Маҳалладошларининг уй-рўзғор буюмларию деҳқончилик анжомларини таъмирлаш ишлари билан машғул бўлади. Шунингдек, у  электр ва газ пайвандлашнинг ҳам ҳадисини олган.
– Оиламизнинг йиллик қўшимча даромади 20 миллион сўмдан кам бўлмайди, – дей­ди Мирёқуб ака ишонч билан. – Фарзандларим, невараларим бағримда фойдали меҳнат билан банд эканлигини кўриб, кўнглим хотиржам бўлади. Уларга меҳнат қилиб, даромад топишдек, фарзанд тарбиясининг муҳим жиҳатини ўргатаётганимдан қувонаман.
– Ҳудудимиздаги 883 та хонадонда 4658 нафар киши истиқомат қилади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳриддин Тўраев. – Уларнинг аксарияти томорқа хўжалиги ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишади. Маҳалламизда иссиқхона шароитида кўчат етиштириш, парранда боқиш, асалари парвариш­лаш, ҳунармандчиликнинг дурадгорлик, шунингдек, миллий пишириқлар пишириш, патдўзлик ва тикувчилик йўналишларида катта тажриба тўплаган сулолалар вакиллари кўп. Уларнинг таж­рибаларидан ёш оилалар ҳам ўрнак олишмоқда.
Ҳа, Ғиждувон туманида азалдан қўли гул усталар, ҳунармандлар истиқомат қилишган. Шу сабаб, туман аҳлининг кўпчилиги омилкорлик ва ишбилармонлик асосида иш юритишга одатланишган. Энг муҳими, шу аснода уларнинг оиласига қут-барака кириб, дастурхони тўкинлиги таъминланаётир. Бу, албатта, ҳавас қилишга, ўрнак олишга  арзигуликдир.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.