Иссиқхонада цитрус мевалар

3_papaya

Қашқадарё вилояти

Қарши туманидаги Мирмирон қишлоғилик Улуғбек Қаршиев томорқа хўжалигидан фойдаланишда ўзига хос тажрибага эга соҳибкорлардан. У 13 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, лимон, мандарин, апельсин, банан ҳамда папаядан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.

– Дастлаб 5 сотих ерга 90 та лимон, 10 та апельсин, 5 та мандарин, 10 та банан кўчатларини экдик, – дей­ди Улуғбек Қаршиев. – 2012 йилдан улардан ҳосил ола бошладик. Ҳатто банан ҳосили ҳам баракали бўлди. 2014 йили иссиқхона майдонини яна беш сотихга кенгайтирдик. Лимон, мандарин, апельсин дарахтлари билан бирга 18 туп папая ҳам экдик. Цитрус ўсимликларини бир жойда ўстиришнинг афзаллиги катта. Бир-бири билан чатишиб, мазаси янада тотли бўлади.
Томорқада иш бир маромда ташкил этилганлиги, зараркунандаларга қарши ўз вақтида курашилаётганлиги туфайли ниҳоллар баравж ўсиб, йилдан-йилга ҳосилнинг чўғи ошмоқда. Масалан, 2014 йили бир тонна лимон етиштирилган бўлса, 2016 йили тўрт тоннага етди. Папаядан 150-200 килограмм ҳосил олинди. Апельсин, мандарин ҳосили ҳам 1,5 бараварга ортди.
Улуғбек аканинг айтишича, банан дарахти алоҳида парваришланади. Илдизига фосфор, калий минерал ўғитлари билан бирга гўнг ҳам берилади. 5 сотих ерга 10-15 килограмм фосфор солинади. Бу ўғит ерни юмшатади. Калий эса гулини тўкилтирмайди. Ниҳолнинг томирини мус­таҳкамлайди.
– Экинларни обиҳаётга қондиришда ҳам қатъий қоидаларга амал қилиш лозим, – дейди Улуғбек ака. – Ёзда ҳафтада бир марта суғорилиб, чангги ювилади. Бегона ўтлардан тозалаб турилади. Айниқса, қишда экинларни совуқдан сақлаш осон иш эмас. Бунинг тадоригини кўчат экишдан олдин бошлаш керак. Ер 1,5 метр чуқурликда қазилиб, сўнг кўчат экилади. Усти икки қават плёнка билан ёпилади. Шундай қилинганда, экинлар 7-8 даража совуққа ҳам бардош беради. Агар ҳаво совиб кетса, иситиш мосламаларидан фойдаланиш мумкин. Ўтган йили иссиқхона майдони яна уч сотихга кенгайтирилиб, гулнинг фикус, кактус, фикус гитара, алиандра навлари экилди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.