Ҳужжатларга муҳрланган тарих

4_xorazm-arxiv

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби архивлар ишини ривожлантиришга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Архивлар тўғрисида”ги  қонуни қабул қилинганлиги, 2010 йилда мазкур қонунга ўзгартишлар киритилиб, “Архив иши тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳадаги ишларни замон талаблари даражасига кўтаришнинг муҳим омили бўлди.

Аслида ҳужжатларни жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи муассаса бизнинг заминимизда ёзув билан бир вақтда пайдо бўлганлиги қадимий битиклардан маълум. Бундан минг йиллар олдин ташкил қилинган Хоразм Маъмун академияси алломалари мавжуд архив ҳужжатлари маълумотларидан кенг фойдаланганликлари, ўтган асрнинг 50 йилларида машҳур рус шарқшуноси ва археологи, академик Сергей Толстов раҳбарлигидаги экспедиция жамоаси Тупроққалъадан Хоразм шоҳларининг қадимий Хоразм тилида терига ёзилган 150 га яқин ҳужжатлардан иборат архив қолдиқларини топганликлари маълум.
Хоразм вилояти Архив бюроси бундан тўқсон йил олдин ташкил этилган. Ушбу ташкилотда бугунги кунгача вилоят ва туманлар давлат архивларига вилоятнинг барча соҳалар тарихини яратишга хизмат қилувчи 350 мингга яқин сақлов бирлик ҳужжатлар жамланиб, шундан 31 минг 672 та сақлов бирлик ҳужжатлари алоҳида қимматли ҳужжатлар сифатида сақланмоқда.
Ҳозирда вилоят ва туманлар давлат архивлари барча талабларга жавоб берадиган махсус биноларга эга. 2012 йилда Янгибозор, Хонқа ва Хива туманлари давлат архивлари учун 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига ҳар бири 100 минг сақлов бирлик ҳужжат сиғимдорлигига эга бўлган янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Архив муассасалари зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Амалдаги йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши архив муассасаларида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни янада масъулият билан давом эттиришни талаб этмоқда.
Архив муассасаларига бўлаётган мурожаатларнинг йилдан-йилга ошиб бориши ҳам мурожаатлар билан ишлашда янги амалиёт ва механизмларни иш жараёнига татбиқ қилишга асос бўлмоқда. Жумладан, 2016 йилда сўровлар 2015 йилга нисбатан 12 фоизга ошди ёки 7 минг 743 та сўров ижроси таъминланди. Бундан ташқари, чет эл фуқароларининг сўровлари сони ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда ва бу сўровлар ҳам кўриб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
Вилоят давлат архивларининг мурожаатчиларни қабул қилиш хоналарида хизмат кўрсатиш даражасини баҳолаш анкеталари жойлаштирилган ва уларни қолдириш учун махсус, муҳрланган қутилар ташкил қилинган. Мурожаат этувчиларнинг фикр ва мулоҳазаларини доимий ўрганиб бориш мақсадида Хоразм вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан фикр-­мулоҳазалар қутилари мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, архив муассасалари сақловидаги ташкилотлар ҳужжатларининг рўйхати ҳар ойда янгиланиб, янги маълумотлар билан тўлдирилади ва ушбу маълумотлар базалари архив муассасаларига тарқатилади. Бундан ташқари, республика архив муассасаларидаги ташкилотларнинг шахсий таркиб ҳужжатлари рўйхатидан керакли маълумотларни осон излаб топиш учун 2016 йилда ви­лоят давлат архивига инфокиоск қурилмаси ўрнатилди.
Жорий йилнинг биринчи чораги якунига қадар Хоразм вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси расмий веб-сайтини қайта модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш механизмини яхшилаш мақсадида давлат архивлари сақловидаги шахсий таркиб ҳужжатлари рўйхатлари базасини шакллантириш ишлари амалга оширилаётир.
Аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятига оид маълумотлар билан доимий таъминлаб бориш учун очиқ маълумотларни йиғиш ишлари олиб борилмоқда. Маълумотлар тўлиқ жамланиб бўлингач, ахборот-кутубхона ва архив муассасаларида ушбу маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Раҳимберган МАТРАСУЛОВ,
Хоразм вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи.