Олти учрашув, олти ғалаба, олти гол

4_futballl

Футбол бўйича 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичи доирасида “А” гуруҳида кечган олтинчи ва еттинчи турлардаги олти учрашувда бир хил натижа қайд этилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси қатарликлар устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган еттинчи турда Эрон Хитой терма жамоасини, Жанубий Корея сурияликларни айнан шу ҳисобда мағлуб этди. Бир тур аввал Эрон меҳмонда Қатарни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, хитойликлар ўз уйида Жанубий кореяликларни худди шундай ҳисобда енгишга муваффақ бўлганди. Малайзияда вакилларимизга мезбонлик қилган Сурия эса сўнгги дақиқаларда пенальтидан киритилган гол эвазига шундай ҳисобда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан эди. Умумий ҳисобда “А” гуруҳида учинчи саралаш босқичи доирасида  етти тур мобайнида ўтказилган 21 учрашувнинг 12 таси 1:0 ҳисобида якунига етган.
“Бунёдкор” стадионида Қатар терма жамоасига қарши кечган сўнг­ги учрашувда футболчиларимиз анча “тер тўкиш”ига тўғри келди. Бизга ғалаба келтирган голга эса учрашувнинг 66-дақиқасида терма жамоамизнинг энг жонкуяр ўйинчиси Одил Аҳмедов муаллифлик қилди. Вакилларимиз қолган барча учрашувларни муваффақиятли ўтказган тақдирда, бошқа жамоаларнинг натижаларидан қатъи назар, “Россияга чиптани” қўлга киритади. Лекин кейинги уч турдаги ягона мағлубият ҳам бизни яна тўрт йил кутишга мажбур этиши мумкин.
Энди Ўзбекистон терма жамоа­си жорий йилнинг 12 июнь куни навбатдаги ўйинда Тошкентдан ғалаба билан қайтган Эрон терма жамоаси меҳмони бўлади.
Ушбу учрашувда ҳам ватандош­ларимизга ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ