Эзгуликнинг мангу тантанаси

4_02

Бутун борлиқни яшилликка, гулу гиёҳларга буркаб, кўнгилларга эса хуш кайфият, кўтаринкилик улашиб келган Наврўз байрами тадбирлари давом этмоқда. Бугун юртимизнинг қиру адирларга туташ энг чекка қишлоқларидан тортиб, шаҳару овулларига, хуллас, қай бир гўшага борманг, барчасида Наврўз шукуҳи, байрам сайиллари. Ана шундай сайиллардан бири Тошкент давлат аграр университетида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирни очган университет ректори Б.Сулаймонов барчани байрам билан табриклар экан, бу каби шодиё­на кунлар фақатгина тинч­лик ҳукм сурган юртдагина нишонланишини, буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканлигини таъкидлаб ўтди.
Кенг ва яшил майдон ўртасига ўрнатилган саҳна байрамона руҳда безатилган. Унга монанд равишда майдон бўйлаб ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-­одатларини, анъаналарини ўзида акс эттирган кўргазмали стендлар, улар қаршисида баҳорий таомлар – сумалак, кўк сомса, ҳалиму чучварадан тортиб, тансиқ ноз-неъматлар билан тўлиб-тошган байрам дастурхонлари кишига кўтаринки кайфият беради. Байрамга таклиф этилган меҳмонлардан тортиб, уларни очиқ чеҳра билан кутиб олаётган ўқитувчию талабаларгача ҳамманинг кўзида қувонч, хурсандчилик.
– Тадбирнинг сайил тарзида, турли мусобақа ва беллашувлар кўринишида ўтказилаётгани талабаларнинг қувончига қувонч қўшди дейди – Шоҳиста Холова. – Биз бу байрамга Бухоро вилояти аҳлининг урф-одатлари, миллий либослари, кўҳна тарихини акс эттирган чиқиш­ларни тайёрлаб келдик.
Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, талабалар ижросидаги қизиқарли саҳна кўринишлари йиғилганларга завқ-шавқ улашди.
– Университетимизда 7 та факультет бор. Бу ерда 6 ярим минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда – дей­ди мева-сабзавотчилик ва узумчилик факультети ўқитувчиси Зулфия Муҳидова. –  Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқларда айнан профессор-ўқитувчиларимизнинг ҳам ҳиссаси борлиги бизга катта қувонч бахш этади.
“Эзгуликнинг мангу тантанаси!” шиори остида ўтказилган мазкур тадбир нафақат университет жамоасининг, балки бутун халқимизнинг бир-бирига уланаётган байраму тадбирларидан, тўю томошаларидан дарак беради.

Инобат МАТЁҚУБОВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.